Logo

Ўзбекистон ва БАА парламентлари дўстлик гуруҳларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди

Октябрь 16, 2025. 18:43 • 54 сония

36
Ўзбекистон ва БАА парламентлари дўстлик гуруҳларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди

АБУ-ДАБИ, 16 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Бирлашган Араб Амирликлари Федерал миллий кенгаши парламентлараро дўстлик гуруҳлари биринчи онлайн учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашувда БАА томонидан Федерал миллий кенгаши нинг Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича дўстлик қўмитаси раиси Муҳаммад Ал Али, қўмита раиси ўринбосари Седра Ал Мансури ва ушбу қўмита вакиллари, Ўзбекистон томонидан дўстлик гуруҳи ҳамраиси, Сенатнинг Бюджет ва иқтисодиёт масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Қобул Турсунов бошчилигидаги дўстлик гуруҳи аъзолари иштирок этди. Шунингдек, икки давлат элчилари қатнашди.

Мазкур тадбир янги аъзолар томонидан ташкил этилган илк учрашув бўлиб, ўзаро ишонч ва дўстлик руҳида ўтди. Томонлар икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни парламентлар даражасида чуқурлаштириш, халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаш масалаларини атрофлича муҳокама қилди, муҳим глобал муаммолар юзасидан фикр алмашди.

Келгусидаги ишларни мувофиқлаштириш, икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтириш, делегациялар алмашинуви, қўшма тадбирлар ташкил этиш, амалга оширилаётган инвестициявий лойиҳалар устидан парламент назоратини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Учрашув якунида дўстлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш таклиф этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш