Ўзбекистон Президенти раислигида ўтказилган йиғилишда иқтисодиётда юқори ўсишни таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича устувор вазифалар белгиланди
Июль 21, 2026. 19:40 • 7 дақ
• 130
ТОШКЕНТ, 21 июль. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бугун ҳудуд ва тармоқларда ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, йил бошидан мамлакатимиз иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсди. Саноатда 8 фоиз, хизматларда 16,9 фоиз, қурилишда 13,8 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,7 фоиз ўсиш таъминланди. Инвестициялар ҳажми 28 миллиард долларга, экспорт 14,4 миллиард долларга етди. “Fitch” ва “Moody’s” халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимиз суверен кредит рейтингини бир поғона яхшилади.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари 40 миллионли аҳоли ҳаётини яхшилаш учун 9-10 фоизли иқтисодий ўсиш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун ҳудуд ва тармоқ раҳбарлари мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиши, ҳар бир лойиҳа ва ҳар бир корхона бўйича аниқ натижага ишлаши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда ҳудуд ва тармоқ раҳбарларининг олти ойлик режалари ижроси танқидий таҳлил қилинди. Айрим ҳудудларда ялпи ҳудудий маҳсулот, қурилиш, инвестиция, саноат ва экспорт кўрсаткичлари бўйича захиралар тўлиқ сафарбар этилмагани қайд этилди. Ойлик, чораклик ва йиллик режаларни бажармаган раҳбарларга нисбатан масъулият кучайтирилиши белгиланди.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир вазир ва ҳокимнинг иши одамларнинг яшаш маданиятида сезилмаса, тадбиркорларнинг оғирини енгил қилмаса, ҳар қандай натижа фақат “қоғоздаги рақам” бўлиб қолишини таъкидлади. Шу боис, жойларда инфратузилма, бандлик, тадбиркорлик ва аҳоли даромадини ошириш бўйича ишлар мутлақо янги ёндашув асосида ташкил этилади.
Йиғилишда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада “Долзарб 40 кунлик” эълон қилиниб, 2 мингта энг оғир маҳаллада ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бошланди. Ҳокимлар ушбу маҳаллаларда электр, газ, йўл ва сув масалаларини ўз вақтида ҳал қилишга шахсан жавобгар бўлади.
Бандлик тизими эҳтиёжманд аҳолини ўқитиш, ишга жойлаштириш ва даромадини ошириш бўйича ҳудудма-ҳудуд ишлайди. Банклар ва маҳалла уюшмалари фаолияти ҳам қайта кўриб чиқилиб, кейинги уч ой улар учун амалий аттестация даври бўлиши белгиланди. Маҳаллаларда ободлик, озодалик ва яшаш маданиятини юксалтириш бўйича ҳам аниқ вазифалар қўйилди.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бизнес муҳитини яхшилаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ҳозир 51 та вазирлик ва идорада 322 та йўналишда молиявий жарима қўллаш ваколати борлиги, 2024-2026 йилларда қарийб 3 триллион сўмлик жарима қўлланилгани қайд этилди. Президентимиз назорат қилувчи идоралар тадбиркорга аввал имконият бериши ва тўғри йўл кўрсатишни ўрганиши кераклигини таъкидлади.
Ташқи бозорларда рақобат кучайиб бораётган бир пайтда экспортчилар учун тўлов, йиғим ва ортиқча харажатларни камайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Барча вазирлик ва идораларга тизимидаги бюрократия, жарима, тўлов ва йиғимларни қисқартириш, бизнес муҳитини янада яхшилаш бўйича таклифлар киритиш топширилди.
Саноат ва экспорт кўрсаткичлари ҳам танқидий кўриб чиқилди. Айрим туман ва шаҳарларда саноат ўсиши суръати пасайгани, экспорт бўйича кутилган ўзгариш бўлмагани қайд этилди. Бош вазирга натижа кўрсатмаган ҳокимлар фаолиятини кўриб чиқиш, тўққиз ой якунига қадар ўзгариш бўлмаса, масъул раҳбарларга нисбатан қатъий чора кўриш топширилди.
Стратегик корхоналар харажатлари таҳлилида айрим йирик корхоналарда маҳсулот таннархи ошгани кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, энергетика тармоқларида йўқотишлар юқорилиги, электр энергияси ва газ тақсимотида самарадорликни ошириш зарурлиги таъкидланди. Йирик компанияларнинг бозор қийматини ошириш, IPO жараёнларига тайёрлаш ва ташқи инвесторлар учун жозибадорлигини кучайтириш вазифаси қўйилди.
Солиқ тушумлари йил бошидан 27 фоизга кўпайиб, 130 триллион сўмдан ошган бўлса-да, қўшимча тушум бўйича йиллик режа етарли даражада бажарилмаётгани танқид қилинди.
Ишлаб чиқаришни тиклаш ва хусусийлаштириш бўйича ҳам муҳим вазифалар белгиланди. Ҳозир айрим тўқимачилик корхоналари ишламай тургани оқибатида 5 триллион сўмлик маҳсулот ва 400 миллион долларлик экспорт имконияти бой берилаётгани айтилди. Йил бошидан 57 та тармоқ ва 76 та ҳудудий корхона ишлаб чиқаришни 11 триллион сўмга камайтиргани ҳам танқид қилинди.
Мутасаддиларга ишламай турган корхоналарни бирма-бир таҳлил қилиб, улар фаолиятини тиклаш топширилди. Шунингдек, янги хусусийлаштириш дастури доирасида 100 триллион сўмлик кўчмас мулк, ер майдонлари ва давлат улушларини савдога чиқариш, давлат активларини олган тадбиркорлар учун тўлов шартларини енгиллаштириш белгиланди.
Сўнгги уч йилда 11 миллиард долларлик 509 та экспортбоп қувват ишга туширилган бўлса-да, уларнинг 208 таси ҳали экспортга чиқмаган. Агар ушбу корхоналар маҳсулотининг камида 30-40 фоизи ташқи бозорларга йўналтирилса, қўшимча 1,5-2 миллиард доллар валюта тушуми таъминланиши мумкин.
47 та махсус иқтисодий зонанинг 29 тасида йил бошидан буён умуман экспорт бўлмагани ҳам танқид қилинди. Мутасаддиларга “тезкор бригадалар” ташкил этиб, экспортга чиқмаган корхоналар ва махсус иқтисодий зоналарда сертификат, айланма маблағ, бозор ва логистика билан боғлиқ масалаларни тезкор ҳал қилиш топширилди.
Миллий брендларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам вазифалар белгиланди. Сўнгги икки йилда бу йўналишда 15,5 миллиард сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилган. Лекин ўз брендини рўйхатдан ўтказган маҳаллий корхоналарнинг учдан бири ҳали экспортга чиқмаган. Шу боис, маҳаллий брендларни ташқи бозорларга олиб чиқиш ва уларни демпинг ҳамда контрафакт маҳсулотлардан ҳимоя қилиш бўйича дастур ишлаб чиқилади.
Ташқи савдо юкларининг 70 фоизи темир йўл орқали ташилиши, бироқ бу йўналишда тадбиркорлардан эътирозлар кўплиги қайд этилди. Юк вагонларининг етишмаслиги, айрим темир йўл линияларида юклама юқорилиги сабабли логистикада қийинчиликлар юзага келмоқда. Мутасаддиларга қўшимча вагонларни жалб қилиш, темир йўл инфратузилмаси учун Жаҳон банкидан 200 миллион доллар маблағ жалб этиш бўйича келишувга эришиш топширилди.
Олий даражадаги ташрифлар доирасида эришилган келишувлар ижроси ҳам кўриб чиқилди. Сўнгги йилларда 52 та ташриф давомида 213 миллиард долларлик 1 минг 617 та инвестиция лойиҳаси бўйича келишувларга эришилган. Энди ушбу “йўл хариталари” ижроси Ҳисоб палатаси ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан қатъий назорат қилинади.
Бош вазирга ҳар ҳафта тармоқ раҳбарлари, ҳокимлар ва элчилар билан бирга лойиҳалар ижросини давлатлар кесимида муҳокама қилиш топширилди. Президент Администрацияси олдига иқтисодий дипломатия, инвестиция ва экспорт бўйича дипломатик ваколатхоналар фаолиятини қайта кўриб чиқиш, ўз вазифасини бажара олмаётган раҳбарлар ўрнига ёш ва замонавий фикрлайдиган кадрларни тавсия этиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда инфляцияни жиловлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Вилоят ҳокимлари январь-июнь ойларида инфляцияни 3 фоиздан оширмасликни мақсад қилган бўлса-да, аксарият ҳудудларда бу вазифа бажарилмагани қайд этилди. Гўшт нархи ошгани муносабати билан импорт гўштни самолётда ташиш харажатларини қоплаш учун 300 миллиард сўм ажратилгани айтилди.
Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари чорвачиликдаги ҳақиқий ҳолатни кўрсатиб бергани таъкидланди. Чорвачилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча маблағлар йўналтирилади, йил якунигача четдан 100 минг бош қорамол ва 150 минг бош қўй-эчки олиб келиш вазифаси қўйилди.
Мева-сабзавот ва картошка захирасини шакллантириш, совиткичли омборлар қуриш ва озиқ-овқат жамғармаларини тўлдириш бўйича ҳам аниқ чоралар белгиланди. Йил якунигача 87 минг тонна қувватга эга 340 та совиткичли омборни ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Давлатимиз раҳбари глобал иқтисодиётдаги ноаниқликлар қанча давом этишини ҳеч ким олдиндан айта олмаслигини қайд этди. Асосий ҳамкор давлатларда иқтисодий фаоллик секинлашаётгани маҳаллий корхоналаримизга, айниқса, экспортчиларга таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу сабабли барча раҳбарлар ҳар қандай хатарни ҳисобга олган ҳолда ўз захираларини сафарбар қилишга тайёр бўлиши шартлиги таъкидланди. Тармоқ ва ҳудудларга бириктирилган “ақл марказлари” билан бирга 15 августгача илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқилади.
Ушбу таклифлар “ресурс – инфратузилма – лойиҳа – ишлаб чиқариш – бюджетга тушум – экспорт” занжирини ўзаро боғлиқ ҳолда ривожлантиришга қаратилган бўлади. 2027 йил учун макроиқтисодий параметрлар, бюджет, инвестиция ва экспорт дастурлари янгича ёндашув – “сафарбарлик сценарийси” асосида тайёрланади.
Йиғилишда вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларнинг ҳисоботлари, белгиланган топшириқлар ижросини жойларда ташкил этиш бўйича режалари тингланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси