Ўзбекистон дипломатлари Жанубий Кореянинг Асан ва Чонан шаҳарларидаги ватандошлар билан учрашув ўтказди
Ноябрь 11, 2025. 17:14 • 2 дақ
• 150
СЕУЛ, 11 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ташаббуси билан Жанубий Кореянинг Асан ва Чонан шаҳарларида вақтинча яшаб келаётган ватандошлар билан учрашувлар ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётдаги ўзгаришлар ҳақида сўз юритилди. Йиғилганларга давлатимиз раҳбарининг чет элдаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш ва миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган сўнгги фармон ва қарорлари юзасидан атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, ёшлар тўғрисидаги давлат сиёсати, уларнинг сифатли таълим олиши ва бандлигини таъминлаш учун қаратилган чора-тадбирлар бўйича фикр алмашилди.
Учрашувлар доирасида Миграция агентлиги ходимлари томонидан консуллик-ҳуқуқий масалалари бўйича сайёр қабул ташкил этилиб, унда фуқароларга консуллик рўйхатига кириш, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, хорижга чиқиш паспорти ва ФҲДЁ ҳужжатларини расмийлаштириш, шунингдек, Жанубий Корея Меҳнат вазирлиги томонидан "Е-9" туридаги виза эгаларига берилаётган кенг имкониятлар ва қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича батафсил маълумот берилди.
Мулоқот якунида элчихона ва ватандошлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, келгуси йилга режалаштирилган муҳим тадбирларда фаол иштирок этишга келишиб олинди.
Бундай тадбирлар жорий йилнинг декабрь ойида Жанубий Кореянинг бошқа шаҳарларида ҳам ташкил этилишм кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси