АҚШда биринчи ўзбек онлайн радиостанцияси ишга туширилди
Апрель 22, 2026. 18:25 • 2 дақ
• 179
НЬЮ-ЙОРК, 22 апрель. /“Дунё” АА/. АҚШда хориждаги ватандошларни ахборот билан таъминлаш ва бирлаштиришга қаратилган биринчи ўзбек онлайн радиостанцияси – “Amur FM” иш бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу лойиҳа Қўшма Штатларда яшовчи ватандошимиз Мавлонбек Машрабов томонидан яратилган бўлиб, мамлакат ҳудудида мобил илова шаклида ишлайди. Платформа ўзбек мусиқий ва кўнгилочар контентини эфирга узатишдан ташқари, диаспора ичидаги мулоқотни ривожлантиришга қаратилган бир қатор хизматларни ҳам таклиф этади.
Хусусан, илова чат форматида мулоқот қилиш, эълонлар жойлаштириш ва долзарб ахборот алмашиш имконини беради. Фойдаланувчилар бўш иш ўринлари ва хизмат таклифларини эълон қилишлари, АҚШдаги кундалик ҳаётга оид янгиликлар билан танишиши мумкин.
Бундан ташқари, иловада инглиз тилини ўрганиш ва имтиҳонларга тайёргарлик кўришга оид материалларни ўз ичига олган таълимий бўлимлар ҳам мавжуд.
Радиостанциянинг ишга туширилиши АҚШдаги ўзбек диаспораси томонидан ижобий кутиб олинди. Айни дамда платформа ўз аудиториясини босқичма-босқич кенгайтириб, ахборот алмашиш ва алоқалар ўрнатиш учун қулай воситага айланиб бормоқда.
Лойиҳа муаллифининг таъкидлашича, ҳозирда мазкур платформа фаолияти асосан Америка ҳудудига йўналтирилган бўлиб, келажакда унинг географик қамровини кенгайтириш режалаштирилган.
Бу каби рақамли платформаларни яратиш хориждаги ватандошлар ўртасида ягона ахборот маконини шакллантириш ва ўзаро алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим йўналиши сифатида қаралмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси