Анталиядаги ватандошлар миллий қадриятлар ва ҳамжиҳатлик намунасини намоён қилди
Апрель 16, 2026. 15:25 • 2 дақ
• 137АНТАЛИЯ, 16 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан Туркиянинг Анталия шаҳрида сайёр консуллик қабули ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Сайёр қабул давомида юз нафардан ортиқ юртдошларимиз томонидан билдирилган мурожаат, таклиф ва муаммолар атрофлича ўрганилди. Фуқароларни қизиқтирган консуллик масалалари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Ватандошларга консуллик ҳисобида туришнинг аҳамияти тушунтирилиб, уларни мазкур рўйхатдан ўтишга чақириш ишлари олиб борилди. Учрашув давомида Туркияда яшаб келаётган юртдошларимизга маҳаллий қонунларга ҳурмат билан қараш ва уларга қатъий риоя қилиш зарурлиги таъкидланди.
Ҳамюртларга ҳар қандай муаммо ёки саволлар юзага келганда, биринчи навбатда Элчихонанинг консуллик бўлимига мурожаат қилиш лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Элчихона вакиллари “Ўзбегим” уюшмаси билан ҳамкорликда Анталияда истиқомат қилаётган юртдошлар иштирокчида Наврўз байрами тадбири ҳам ўтказилди.
Ушбу маданий тадбирда Анталия шаҳар ҳокимлиги вакиллари, жумладан, маданият, санъат ва ижтимоий ишлар бўлими раҳбарлари, туман ҳокимлиги ва муниципалитет вакиллари, жамоат ташкилотлари ходимлари иштирок этди.
Тадбир давомида турли маданий чиқишлар, миллий ўйинлар ва кўнгилочар дастурлар намойиш қилинди. Бу орқали юртдошларимиз ўртасидаги бирдамлик, миллий қадриятларга ҳурмат ва ўзаро меҳр-оқибат яна бир бор намоён бўлди.
Анъаналаримизга мувофиқ сумалак тайёрланиб, меҳмонларга ўзбек миллий таоми – палов тортиқ қилинди.
Учрашувлар давомида дипломатлар “Турк ўчоқлари” ташкилоти раҳбари билан ҳам кўришди. Мулоқот чоғида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Турк томони Ўзбекистонга бўлган қизиқиш ва ўзбек халқига ҳурматини билдириб, келгусида ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича ўз таклифларни билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



