Logo

Австриядаги ватандош: Германияда бўлиб ўтган Европадаги ватандошлар минтақавий форуми янги саъй-ҳаракатлар ва илғор ташаббуслар учун мустаҳкам тагзамин вазифасини ўтади

Апрель 12, 2025. 13:16 • 2 дақ

90
Австриядаги ватандош: Германияда бўлиб ўтган Европадаги ватандошлар минтақавий форуми янги саъй-ҳаракатлар ва илғор ташаббуслар учун мустаҳкам тагзамин вазифасини ўтади

ВЕНА, 12 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида бўлиб ўтган биринчи Европадаги ватандошлар минтақавий форуми иштирокчиси, Вена шаҳридаги Марказий Европа университетида магистранти Муҳаммадамин Дилмуродов "Дунё" АА учун интервьюсида мазкур тадбирнинг аҳамияти ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Ассалом алайкум, азиз юртдошлар! Мен 5 апрель куни Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасида бўлиб ўтган Европада ватандошлар минтақавий форумида иштирок этдим ва катта таассуротлар билан қайтдим.


Ушбу форумда мен каби Европанинг турли мамлакатларида яшаётган ва билим олаётган ўзбекистонлик ёшларни бир жойга жамлади. Бу бизга билим ва тажриба алмашиш имкониятини берди. Форумда европада олган тажрибаларимиздан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожланишига ҳисса қўшадиган таклиф ва ташаббуслар билдирилди. Таклифларимиз мутасаддилар, хусусан "Ватандошлар" жамоат фонди томонидан қўллаб-қувватлангани бизни қувонтирди.


Мен ҳам Австрияда олган билим ва тажрибаларимдан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистоннинг молиявий тизимини янада мустаҳкамлаш ва ривожланишига ҳисса қўшувчи рақамлаштирилган молия ва блоcкчаинларни европа тажрибасини ўрганган ҳолда тадбиқ этишни режалаштиряпман. Форум давомида, шунингдек, Ўзбекистонда сифатли ва истеъмолга яроқли озиқ-овқат маҳсулотлари исрофини камайтиришга ёрдам берадиган илова яратиш ва Австриянинг юқори рейтингли университетларида ўқишни истаган ҳамюртларимиз учун махсус дастур ишлаб чиқиш каби таклифларим илгари сурдим.


Дарвоқе, она юртидан узоқда бўлган ҳар бир инсон миллий таомлари, қадрият ва анъаналарини соғинади. Шу боис форум давомида ташкил этилган байрам тадбирида биз ўзимизни Ўзбекистонда юргандек ҳис қилдик.


Мухтасар айтганда, Германияда бўлиб ўтган биринчи Европадаги ватандошлар минтақавий форуми, ёш ҳамюртларимизни бирлаштириш, она юрт тараққиёти йўлида жипслаштириш, янги саъй-ҳаракатлар ва илғор ташаббуслар учун мустаҳкам тагзамин вазифасини ўтади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш