Logo

"Ватанга қайтариш" инсонпарварлик акцияси: Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятидаги ватандошлар ҳолидан хабар олинди

Август 15, 2025. 09:23 • 1 дақ

69
"Ватанга қайтариш" инсонпарварлик акцияси: Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятидаги ватандошлар ҳолидан хабар олинди

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 15 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги ходимларидан иборат Ишчи гуруҳи Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятида вақтинча ишлаётган ватандошлар билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ишчи гуруҳ аъзолари дастлаб Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича чет эл фуқароларига комплекс хизматларни кўрсатувчи Ягона кўп тармоқли миграция маркази фаолияти билан танишди. Марказ раҳбарияти билан меҳнат мигрантларининг Россия ҳудудида қонуний бўлиши учун тақдим этиладиган ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини тезлаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон вакиллари "Агрофирма Выборжец" ва "Кингисеппский машиностроительный завод" корхоналарида ишлаётган юртдошларимиз билан мулоқот қилдилар.

Суҳбат давомида меҳнат мигрантлари бўлган ҳамюртларимиз учун яратилган шароитлар тўғрисида фикр алмашилди. Ватандошларнинг Россия ҳудудида қонуний ишлашининг афзалликлари ва "Миграция амнистияси" доирасида ўз ҳуқуқий ҳолатларини легаллаштириш учун имконият борлиги таъкидланди.

Ишчи гуруҳ Ленинград вилоятида жойлашган Россия Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказида бўлиб, марказда бўлган Ўзбекистон фуқаролари ҳолидан хабар олдилар. Мулоқот чоғида юртдошларимизнинг муаммолари тингланди.

Олиб борилган ўрганишлар натижасида, 16 нафар ҳамюртимизга оиласи бағрига қайтиши учун "Ватанга қайтариш" инсонпарварлик акцияси доирасида авиачипта олиб берилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш