Logo

Сеулда ўзбекистонлик талабалар иштирокида ёшлар форуми ўтказилди

Ноябрь 13, 2025. 11:42 • 2 дақ

147
Сеулда ўзбекистонлик талабалар иштирокида ёшлар форуми ўтказилди

СЕУЛ, 13 ноябрь /"Дунё" АА/. Жанубий Кореянинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири – "Dongseo" университетида ушбу мамлакатда яшаётган ва таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар иштирокида ёшлар форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Элчихона вакиллари форумда Ўзбекистонда ёшларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши, сифатли таълим олиши ва ватан тараққиётига ҳисса қўшиши учун шароитлар яратилаётганини таъкидлади. Хусусан, юртимизда ёшларга оид давлат сиёсати янги босқичга кўтарилгани, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг интилиш ва ғояларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор дастур ва лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Мазкур форум Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик ёшлар ўртасида ўзаро билим алмашиш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш, касбий ривожланиш ва ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш учун муҳим платформага айланди.

Шунингдек ўқинг

Тадбирда савдо, ахборот технологиялари ва тиббиёт соҳаларида катта ютуқларга эришган ватандошларимиз сўзга чиқди. Улар ўзларининг муваффақият сирлари, шахсий ва касбий тажрибалари ҳамда ғоялари билан ўртоқлашди.

Форум ишида 120 нафардан ортиқ талаба иштирок этиб, янги билим ва тажриба орттирди, мулоқот доирасини кенгайтирди.

Ушбу анжуман нафақат ёш авлод учун илҳом манбаи бўлди, балки хорижда истиқомат қилаётган истеъдодли ва Ватанга содиқ ўзбек ёшлари ўртасидаги ҳамкорлик ва бирдамлик кўпригини янада мустаҳкамлади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш