Logo

Ўзбекистон дипломатлари Дания ва Норвегиядаги ватандошлар билан манзилли мулоқотлар ўтказишди

Октябрь 23, 2024. 15:55 • 55 сония

245
Ўзбекистон дипломатлари Дания ва Норвегиядаги ватандошлар  билан манзилли мулоқотлар ўтказишди

СТОКГОЛЬМ, 23 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси (қароргоҳи Швеция пойтахтида) ходимлари томонидан Даниянинг Орхус ва Норвегиянинг Осло шаҳарларида ватандошларимиз иштирокида давра суҳбатлари ва сайёр консуллик қабуллари ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

 Учрашувлар давомида мамлакатимизда кечаётган кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнлар, хорижда истиқомат қилаётган фуқароларнинг ҳуқуқ-эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш бўйича яратилган имкониятлар ва ишлар тўғрисида батафсил таъкидланди. Фуқароларимизни қийнаб келаётган масалалар муҳокама қилиниб, уларни ижобий ҳал қилиш бўйича тегишли маслаҳатлар берилди, ватандошларимизнинг бу борадаги таклиф ва ташаббуслари қўшимча ўрганиш учун қабул қилинди.  


Дания ва Норвегиядаги ўзбек маданий марказлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали ватандошларимизга, айниқса ёш авлодга, ўзбек тилини ўқитиш, бой миллий маданий меросимизни ва қадриятларимизни тарғиб қилиш ва сингдириш, бу йўналишда маданий кечалар, кўргазма ва ярмаркалар ташкил этиш ва бошқа шу каби маърифий тадбирларни мунтазам ўтказиш бўйича келишиб олинди.


Дипломатларимиз, шунингдек, Скандинавия мамлакатларида тадбиркорлик ва бизнес фаолияти билан шуғулланиб келаётган ватандошларимиз кўмагида Ўзбекистондан Дания ва Норвегияга миллий маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш ва кенгайтириш имкониятлари ҳам муҳокама қилдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш