АҚШда ўзбек оилаларини қўллаб-қувватлаш учун психологик платформа яратилди
Август 05, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 37
НЬЮ-ЙОК, 5 август. /“Дунё” АА/. АҚШда хорижда истиқомат қилаётган ўзбек оилаларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган “Moslashuv markazi USA” номли янги ахборот-психологик платформа яратилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Лойиҳа ташаббускори Огайо штатида яшовчи ватандошимиз, психология фанлари доктори, доцент ва амалиётчи психолог Абдурашид Турғуновдир.
Платформанинг асосий мақсади – оилаларнинг АҚШдаги ҳаётга яхшироқ мослашишига кўмаклашиш, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги оилавий қадрият ва яқин муносабатларни сақлаб қолиш, маиший ва оилавий низоларнинг ўз вақтида олдини олишдан иборат.
Лойиҳа муаллифининг сўзларига кўра, оилалардаги аксарият қийинчиликлар меҳр-муҳаббат ёки ўзаро ҳурмат йўқлигидан эмас, балки зарур кўникмалар етишмаслигидан келиб чиқади. Одамлар юзага келаётган масалаларни ҳар доим ҳам хотиржам муҳокама қилавермайди, ўз ҳис-туйғуларини тўғри ифодалай олмайди, бир-бирини тингламайди ва мураккаб ҳаётий вазиятларда оқилона ечим топа олмайди.
Платформада эр-хотин ўртасидаги самарали мулоқот, ҳиссиётларни бошқариш, фарзанд тарбияси, оилавий можароларни ҳал этиш, миграциянинг оилавий муносабатларга таъсири, АҚШнинг оилавий муносабатлар соҳасидаги қонунчилигига риоя қилиш масалаларига бағишланган материаллар мунтазам эълон қилиб борилади.
Ватандошларнинг янги мамлакат ҳаётига тезроқ мослашишига, оилада соғлом муҳитни сақлашга ва зарур ёрдам учун ўз вақтида мурожаат қилишига ёрдам берадиган амалий тавсияларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бошқа мамлакатга кўчиш кўпинча жиддий психологик босим билан кечади. Янги тил муҳити, одатий турмуш тарзининг ўзгариши, молиявий масалалар ва доимий мулоқот доирасининг йўқлиги оиладаги ўзаро муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис, бу каби ташаббуслар АҚШдаги ўзбек диаспораси учун муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.
Платформанинг фаолияти Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси томонидан ватандошларнинг мослашувига кўмаклашиш, оила институтини мустаҳкамлаш ва анъанавий оилавий қадриятларни асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган ишларга ҳамоҳангдир.
Ушбу йўналишларда АҚШда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари ўртасида ахборот-маърифий ишларни кенгайтириш мақсадида лойиҳа муаллифи Абдурашид Турғунов билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси