Logo

Токиода Япониядаги ватандош аёллар Маслаҳат кенгаши ташкил этилди

Январ 16, 2024. 07:30 • 2 дақ

319
Токиода Япониядаги ватандош аёллар Маслаҳат кенгаши ташкил этилди

ТОКИО, 16 январь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасида фаол, олима ва тадбиркор ватандош хотин-қизлар иштирокида гибрид шаклида учрашув ўтказилиб, дипломатик ваколатхона қошида "Япониядаги ватандош аёллар Маслаҳат кенгаши" ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.



Тадбир бошида Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, турли соҳаларда ўз қобилияти ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароитлар яратиш ва рағбатлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганлигини маълум қилди.

Шунингдек, юртимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш ҳамда гендер тенглигини таъминлашга қаратилган бир қатор қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинганлиги, бу эса ўз навбатида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан аёлларга бўлган улкан эътибор эканлиги алоҳида таъкидланди.

Шу билан бирга, тадбир қатнашчиларига хорижда истиқомат қилаётган ватандош хотин-қизлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга зарур ахборот-маслаҳат ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш бўйича ҳамкорликда ишлар ташкил қилиш лозимлиги билдирилди.

"Ватандошлар" жамоат фонди бошқарув раиси Одилжон Саттаров ҳам нутқ сўзлаб, ўзбекистонлик ватандош хотин-қизлар кенгаши аъзоларининг асосий вазифалари ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, Фонд Япониядаги ватандошлар билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини маълум қилди.

Тадбир давомида Япониядаги ватандош аёллар Маслаҳат кенгаши раиси лавозимига Токио чет тиллар университети доценти, юрист, Токио ҳуқуқ-тартибот идораларида оғир аҳволга тушган, ҳуқуқбузарлик содир қилган ватандошларимизга юридик ёрдам ва таржимонлик фаолияти билан шуғулланувчи Моҳинур Турдиаҳунова тайинланди.

Учрашув якунида иштирокчилар томонидан Кенгаш фаолиятини йўлга қўйиш ва истиқболдаги режалари бўйича ўзаро фикр алмашилди ҳамда юртимиздаги мутасадди идоралар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш