Logo

Ўзбекистон инвестиция, саноат ва савдо вазири Берлинда Германиянинг расмий ва ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашувлар ўтказди

Октябрь 18, 2024. 12:47 • 2 дақ

92
Ўзбекистон инвестиция, саноат ва савдо вазири Берлинда Германиянинг расмий ва ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашувлар ўтказди

БЕРЛИН, 18 октябрь. /"Дунё" АА/. Жорий йилнинг 14-15 октябрь кунлари Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Берлин шаҳрида Федерал канцлернинг иқтисодий, молиявий ва иқлим сиёсати бўйича маслаҳатчиси Штеффен Майер, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича Федерал вазирлиги давлат котиби Нильс Аннен, KfW IPEX-Bank ва Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси раҳбарлари билан музокаралар ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Музокаралар чоғида касб-ҳунар таълими тизими ва тиббиёт муассасаларини модернизация қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув таъминоти тизимини такомиллаштириш лойиҳаларига имтиёзли ва грант маблағлари ажратиш бўйича келишувларга эришилди.

Шу билан бирга, модернизация жараёнлари, инновациялар жорий этиш, экспорт, корпоратив ва савдо йўналишларидаги лойиҳаларни суверен бўлмаган молиялаштириш тўғрисида битим имзоланди. Таълим соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, ўзбекистонлик мутахассислар учун малака ошириш курсларини ташкил этиш ва келгусида Германия корхоналарида ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар келишиб олинди. 

Шунингдек, Германиянинг "Edison Technologies", "AMK Global", "GessCon", "Aurubis", "HMS Bergbau", "Hypercon Solutions", "Binz Automotive", "Ernst Klett", "Siemens Healthineers", "Rhenus Group", "Linde", "ITEL" каби йирик компаниялари раҳбарлари билан ҳам учрашувлар бўлиб ўтди.

Икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари чоғида келишилган кимё саноати, геология, тиббиёт буюмлари, қуёш панеллари учун бутловчи қисмлар, қурилиш материаллари ҳамда углерод толаси ишлаб чиқариш, замонавий логистика марказларини яратиш каби лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан қўшимча аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Муҳокама қилинган лойиҳаларни жадал амалга оширишни қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўришга ўзаро тайёрлик билдирилди. Ҳар бир немис компаниясига алоҳида инвестиция менежерлари бириктирилди, мамлакатимизнинг ГФРдаги элчихонаси, Германия Федерал канцлери идораси ва Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси ўртасида видеоконференцалоқа тарзида мунтазам музокаралар олиб бориш, лойиҳа жараёнларини ўрганиш ва зарур тезкор чоралар кўриш бўйича ишларни ташкил қилишнинг янги алгоритми келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш