Ўзбекистон Президентининг БМТдаги ташаббуслари ЮНИДОнинг Венадаги бош қароргоҳида бўлиб ўтган махсус йиғилишда эътироф этилди
Октябрь 13, 2025. 13:03 • 2 дақ
• 127
ВЕНА, 13 октябрь. /"Дунё" АА/. БМТ Саноатни ривожлантириш ташкилотининг (ЮНИДО) Вена шаҳрида жойлашган бош қароргоҳида ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги аъзо давлатлари доимий вакилларининг махсус йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистоннинг ЮНИДОдаги доимий вакили, элчи Бахтиёр Ибрагимов иштирок этди. У ўз нутқида яқинда Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган таклифлар, шу жумладан, Марказий Осиёда ЮНИДО билан саноатда "яшил" технологиялар минтақавий хабини ташкил этиш ташаббуси мазмун-моҳиятига тадбир иштирокчиларининг эътиборини қаратди.
Хусусан, сўнгги йилларда Марказий Осиё тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлангани, ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс
ва низолар даври тарихда қолгани, минтақамизда ўзаро савдо, инвестициялар ва транспорт ташувлари ҳажми йилдан йилга ошиб бораётгани, қўшма инвестиция жамғармалари, чегара ҳудудларида савдо ва саноат зоналари ташкил қилинаётганлиги, йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Бугунги кунда Янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошлангани, минтақамиз ўзининг ҳамжиҳатлиги, барқарорлиги, ўзига хослиги билан халқаро муносабатлар тизимида алоҳида субъект сифатида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётгани тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Йиғилиш давомида ЮНИДО томонидан минтақамизда амалга оширилаётган техник кўмак лойиҳалари ҳолати ҳамда яқин келажакда саноатни ривожлантириш учун муҳим бўлган истиқболли йўналишларда ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида ЮНИДО экспертлари ва ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиёдаги аъзо давлатлари доимий вакиллари тоза энергия, саноат декарбонизацияси, ресурсларни тежайдиган ишлаб чиқариш, айланма иқтисодиёт, иқлим технологиялари, яшил водород, рақамли трансформация, сунъий интеллект, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, инновацион молиялаштириш, давлат-хусусий шерикчилик моделларини қўллаган ҳолда янги техник кўмак лойиҳаларини амалга ошириш орқали ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишди.
ЮНИДО Европа ва Марказий Осиё минтақасига Албания, Арманистон, Беларусь, Болгария, Босния ва Герцеговина, Венгрия, Грузия, Қозиғистон, Қирғизистон, Кипр, Мальта, Шимолий Македония, Молдова, Озарбайжон, Польша, Россия, Руминия, Словения, Сербия, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Хорватия, Черногория, Чехия, Украина ҳамда Ўзбекистон киради.
Ҳозирда минтақа давлатлари ҳудудида ЮНИДО иштирокида 275 миллион АҚШ доллари қийматидаги жами 81 та (74 та миллий ва 7 та минтақавий) техник кўмак лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди
Венгриянинг нуфузли университет ва компаниялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Рединг университетининг Ўзбекистонда кампусини очиш масаласи муҳокама қилинди