ЎзДЖТУ делегацияси Ҳиндистондаги халқаро анжуманда иштирок этди
Ноябрь 20, 2025. 14:04 • 2 дақ
• 206
ДЕҲЛИ, 20 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети делегацияси Ҳиндистоннинг Жайпур шаҳрида ўтказилган инсон ва компьютер ўртасидаги интеллектуал ўзаро таъсир бўйича 17-халқаро конференцияда иштирок этди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети (ЎзДЖТУ) делегациясининг ушбу ташрифи мамлакатимиз олий таълим муассасалари халқаро ҳамкорлиги жадал ривожланаётганининг ёрқин тасдиғидир. Бу каби халқаро анжуманлар Ўзбекистон ва хорижий давлатлар университетлари ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиб, ўзаро тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳалар амалга ошириш учун қулай муҳит яратмоқда.
Конференциянинг илмий майдончаси онлайн ва оффлайн шаклларда 30 дан ортиқ мамлакат олим ва тадқиқотчиларини бирлаштирди. Конференция иштирокчилари уч кун давомида инсон ва сунъий интеллект ўртасидаги ўзаро таъсирнинг янги имкониятлари, вазифалари ва инновацион ечимларини муҳокама қилди.
ЎзДЖТУ делегацияси таркибидан беш нафар профессор-ўқитувчи ва олти нафар истеъдодли талаба жой олди. Улар замонавий технологиялар бўйича илмий маърузалар тақдим этиб, инсон ва сунъий интеллект ўртасидаги ўзаро муносабатнинг янги имкониятларига бағишланган мунозараларда фаол қатнашди.
Тадбир Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг халқаро ҳамкорлигини жадал ривожлантириш йўлида яна бир муҳим қадам бўлди. Бундай нуфузли форумларда иштирок этиш илмий ишланмалар билан бўлишиш ва дунё университетлари билан шериклик алоқаларини мустаҳкамлашга қулай имкон беради.
ЎзДЖТУни Ҳиндистоннинг Banasthali Vidyapith университети билан яқин ва самарали муносабатлар боғлаб туради.
ЎзДЖТУ ва Banasthali Vidyapith ўртасида самарали ва кўп йиллик ҳамкорлик мавжуд. Университетлар мунтазам равишда талабалар ва ўқитувчилар алмашинув дастурларини амалга ошириб келмоқда. Бу эса мамлакатимиз таълим тизимининг жаҳон академик маконига интеграциялашувига хизмат қилмоқда.
Ташриф доирасида делегация аъзолари мазкур университетда бўлиб, ўқув жараёни, Ҳиндистон маданияти ва анъаналари билан яқиндан танишди. ЎзДЖТУ талабалари учун конференция халқаро экспертлар билан мулоқот қилиш, ўз ғояларини халқаро майдонда тақдим этиш ва келгуси илмий фаолият ва тажриба орттириш учун кенг имконият бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси