Венгриянинг 19 та етакчи университети Ўзбекистонга делегация юборади
Февраль 25, 2026. 10:36 • 2 дақ
• 538
БУДАПЕШТ, 26 февраль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчиси Ойбек Шахавдинов Венгрия ректорлари конференцияси президенти, Земмельвайс университети ректори, профессор Бела Меркели билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқотнинг асосий мавзуси жорий йил 5 март куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган учинчи Ўзбекистон–Венгрия ректорлар форумига тайёргарлик кўриш ҳамда қўшма таълим лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Венгрия томони бўлажак форумга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Тадбирда Венгриянинг 19 та олий таълим муассасаси вакиллари, жумладан, 11 нафар ректор ва 6 нафар проректор иштирок этиши таъкидланди.
Ташриф доирасида Обуд университети, Жиззах политехника институти, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон саноат ва бизнес вакиллари, шунингдек, венгриялик инвесторлар ва университетлар иштирокида Жиззах шаҳрида Инновацион технопаркнинг расмий очилиши ҳам режалаштирилган.
Музокаралар давомида Земмельвайс университети ва Ўзбекистон тиббиёт олийгоҳлари ўртасидаги бевосита алоқаларни кенгайтириш, қўшма таълим дастурлари ва илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Томонлар олий таълим ва инновациялар соҳасидаги конструктив мулоқотни амалий натижалар билан бойитишга тайёр эканини билдиришди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси