Logo

"Тошкент-Исломобод" йўналишида тўғридан-тўғри авиапарвозлар йўлга қўйилди

Июнь 15, 2025. 14:12 • 2 дақ

110
"Тошкент-Исломобод" йўналишида тўғридан-тўғри авиапарвозлар йўлга қўйилди

ИСЛОМОБОД, 15 июнь. /"Дунё" АА/. "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси томонидан жорий йилнинг 14 июнь санасидан бошлаб "Тошкент-Исломобод" йўналиши бўйича мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Миллий авиаташувчимизнинг "Airbus А320 NEO" русумли самолёти маҳаллий вақт билан соат 11:50да Исломобод халқаро аэропортида, халқаро авиация тартиб-таомилига кўра сувли арка билан тантанали равишда кутиб олинди.

Расмий кутиб олиш маросимида Покистон Туризмни ривожлантириш корпорацияси бош директори Афтаб ур-Реҳман Рана, Исломобод халқаро аэропорти раҳбари Саид Афтаб Али Шаҳ Гилани, мамлакатимиз элчихонаси дипломатлари, "Uzbekistan Airways" АЖнинг Покистондаги расмий вакиллари, бир қатор хорижий мамлакат элчилари, шунингдек, кема экипаж аъзолари ва маҳаллий ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, "Тошкент-Исломобод" ўртасида тўғридан-тўғри авиaпарвозларнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги туризм, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, таълим ва маданият соҳаларидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга ҳамда икки томонлама савдо айланмаси ҳажмини келгусида 2 миллиард АҚШ долларига етказиш борасидаги вазифаларни самарали амалга оширишга хизмат қилади.

"Ушбу рейс икки халқ ўртасида алоқаларни жадаллаштириб, ўзаро ташрифларни осонлаштиради. Туризм оқимини кескин ошириш учун қулай шароит яратади. Савдо-иқтисодий, бизнес ва илмий-академик муносабатларни янги лойиҳалар ҳисобига бойитиш учун хизмат қилади. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан бугундан йўлга қўйилган парвоз мамлакатларимиз ўртасида сўнгги 6 ой ичидаги учинчи мунтазам авиақатнов ҳисобланади. Яқин келажакда бошқа шаҳарлар ўртасида ҳам рейсларни очиш устида ишлаяпмиз",- деди Покистон Туризмни ривожлантириш корпорацияси бош директори Афтаб ур-Реҳман Рана

Исломобод халқаро аэропорти директори Саид Афтаб Али Шаҳ Гилани таъкидига кўра, ушбу авиақатновлар Ўзбекистон орқали Марказий Осиё мамлакатлари ва Покистон ўртасида қулай, тезкор ва хавфсиз ҳаво йўли вужудга келишига имкон яратади. Бу эса, ўз навбатида, минтақавий барқарор ривожланиш, логистика тармоқларини диверсификация қилиш ва транзит салоҳиятни тўлиқ ишга солиш учун муҳим асос бўлади.

"Uzbekistan Airways" Исломобод халқаро аэропортидан парвозларни амалга ошираётган 28- компанияга айланди. Икки давлат пойтахтлари ўртасидаги мазкур рейс нафақат Покистон ва Ўзбекистонни, балки Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги боғлиқликни янада мустаҳкамлайди, икки минтақа халқлари орасидаги ришталарни янги поғонага кўтаради. Ушбу рейс йўловчиларга қисқа фурсатларда ва қулай шароитларда ўз манзилига етиб олиш имкониятини беради",- дейди Исломобод халқаро аэропорти директори Саид Афтаб Али Шаҳ Гилани.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш