Logo

Ўзбекистон делегацияси Катта Миср музейи очилиш маросимида иштирок этди

Ноябрь 05, 2025. 18:35 • 2 дақ

92
Ўзбекистон делегацияси Катта Миср музейи очилиш маросимида иштирок этди

ҚОҲИРА, 5 ноябрь. /"Дунё" АА/. 2025 йил 1–3 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги делегация Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Катта Миср музейининг очилиш маросимида иштирок этди. Унда 120 га яқин давлат ва халқаро ташкилот делегациялари қатнашди.

Маросимда иштирокчилар томонидан Катта Миср музейининг очилиши мамлакатнинг маданий ва тарихий меросини асраш ва дунё ҳамжамиятига тақдим этишда янги босқични англатиши таъкидланди.

Шунингдек, қадимги Мисрда цивилизация ўзининг илк ҳарфларини ёзгани, дунё фикр, ёзув, санъат ва эътиқоднинг тонгини кўргани, Катта Миср музейининг очилиши халқлар ўртасидаги тинчлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат ғояларини мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.

Тадбир доирасида мамлакатимиз делегациясининг Миср Араб Республикаси Парламенти Вакиллар палатаси Спикери Ҳанафи Али

ал-Жабалий билан учрашуви бўлиб ўтди. Миср Спикери шу йил 5–9-апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеясидаги иштироки ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинганини самимият билан эслади.

Ҳанафи Али ал-Жабалий Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни алоҳида эътироф этди ҳамда улар парламентлараро ва халқаро миқёсдаги ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишини билдирди.

Учрашув давомида томонлар икки давлат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, тажриба алмашиш ва парламентлараро мулоқотни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш