Деҳлида Ўзбекистон ва Ҳиндистон олимлари томонидан ташкил этилган “Сўз.ин” халқаро илмий журнали нашр этилди
Март 29, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 141
ДЕҲЛИ, 29 март. /“Дунё” АА/. Деҳлида Ўзбекистон ва Ҳиндистон академик мактаблари ҳамкорлиги маҳсули бўлган “Сўз.ин” (“Suz.in”) халқаро илмий журналининг илк сони чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мазкур нашр Марказий ва Жанубий Осиёнинг етакчи шарқшунослари, тилшунослари ва тарихчилари саъй-ҳаракатларини бирлаштирди. «Сўз.ин» илмий тафаккур орқали икки минтақа дўст халқларининг чуқур тарихий ва маданий боғлиқлигини очиб беришга бўлган интилишни ифодалайди.
Жавоҳарлал Неру университетининг Форс ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази раҳбари, таниқли шарқшунос, профессор Ахлақ Аҳмад Аҳан Таҳририят кенгашига раислик қилмоқда. Ўзбекистон давлат хореография академияси профессори Ҳулкар Ҳамроева бош муҳаррир лавозимини эгаллади.
Биринчи соннинг мазмун-моҳияти таъсисчилар томонидан белгиланган юқори талабларга тўлиқ жавоб беради. Унда Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Қозоғистон олимлари ҳамда тадқиқотчиларининг илмий мақолалари чоп этилган.
Муаллифлар географияси ва мавзулар ранг-баранглиги қамровнинг кенглигидан далолат беради. Тадқиқотчилар эътибори марказида Марказий ва Жанубий Осиё халқларининг тарихий алоқалари, маданий муҳитнинг умумий жиҳатлари, шунингдек, асарлари асрлар давомида минтақалараро мулоқот учун асос бўлиб хизмат қилиб келаётган буюк мутафаккирлар Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа алломаларнинг бебаҳо мероси ўрин олди.
- Ушбу журналнинг чоп этилиши аждодларимизнинг бой меросини оммалаштиришга хизмат қилади, шунингдек, ёш олимлар учун ўзига хос янги ғоялар инкубаторига айланиб, Тошкент ва Деҳли ўртасидаги илмий-академик пойдеворни мустаҳкамлайди, - деди Ҳулкар Ҳамроева «Дунё» АА га берган интервьюсида.
“Сўз.ин” журнали нафақат олимлар учун минбар, балки биргаликдаги илмий ижод халқлар ўртасидаги ўзаро англашувни қандай мустаҳкамлаши мумкинлигини намойиш этувчи муҳим «юмшоқ куч» воситасига айланиши кўзда тутилган.
Экспертларнинг таъкидлашича, журналнинг ташкил этилиши Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги илмий-академик алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Барқарор гуманитар кўприкларга бўлган эҳтиёж ортиб бораётган шароитда «Сўз.ин» мулоқот қилиш, тадқиқот методикалари билан алмашиш ва минтақа тарихига чуқур ёндаша оладиган янги авлод олимларини тайёрлаш учун доимий фаолият юритадиган майдон яратади.
“Сўз.ин”ни ташкил этиш ташаббуси стратегик шерикликнинг замонавий руҳига мос келади. Глобаллашув даврида умумий меросни асраб-авайлаш ва илмий англаш «юмшоқ куч» ва таълим дипломатиясининг асосига айланмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси