Ўзбекистон делегацияси Покистон халқ партияси раиси билан учрашув ўтказди
Май 07, 2026. 08:10 • 3 дақ
• 399
КАРАЧИ, 7 май. /“Дунё” АА/. Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов ва элчи Алишер Тўхтаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Карачи шаҳрига ташрифи доирасида Покистон халқ партияси раиси Билавал Бҳутто-Зардарий билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда ҳудудлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, Навоий вилоятида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали саноат салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Музокараларда давлат-хусусий шерикчилик асосида фармацевтика соҳасида замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу йўналишда Покистоннинг илғор тажрибасини жалб қилиш, юқори сифатли дори-дармон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда маҳаллий бозорни таъминлаш билан бир қаторда экспорт салоҳиятини ошириш имкониятларига эътибор қаратилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, Покистоннинг илғор агротехнологиялари ва юқори ҳосилли уруғларидан фойдаланган ҳолда Навоий вилоятида картошка етиштириш ҳажмини ошириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.
Томонлар логистика ва транспорт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтдилар. Жумладан, Навоий халқаро аэропортининг қулай географик жойлашуви ва замонавий логистика имкониятларидан фойдаланган ҳолда Покистондан гўшт ва гўшт маҳсулотларини экспорт қилиш, шунингдек, ушбу маҳсулотларни қайта ишлаш ва сақлаш тизимини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Бу эса икки томон учун ҳам иқтисодий манфаатларни таъминлаш билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Чорвачилик соҳасидаги ҳамкорлик ҳам учрашувнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Покистон томони Навоий вилоятига йирик ва майда шохли чорва молларини етказиб бериш, шунингдек, селекция, ветеринария хизмати ва чорвачилик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканини тасдиқлади. Бу эса ҳудудда чорвачилик тармоғини модернизация қилиш, маҳсулдорликни ошириш ва ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш имкониятини яратади.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, амалий лойиҳаларни тезкор амалга ошириш ва доимий мулоқотни йўлга қўйишга келишиб олдилар. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашда ҳудудлараро ҳамкорлик муҳим ўрин тутиши урғуланди.
Ушбу мулоқот икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги қадам сифатида алоҳида аҳамият касб этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси