Буюк Британия билан парламентлараро ҳамкорлик кенгаймоқда
Ноябрь 21, 2025. 11:05 • 2 дақ
• 109
ЛОНДОН, 23 ноябрь. /"Дунё" АА/. Буюк Британия парламентида Марказий Осиё бўйича партиялараро парламент гуруҳининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда "APPG" аъзолари, Буюк Британия парламентининг иккала палатаси - Жамоалар палатаси ва Лордлар палатаси вакиллари, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг Лондондаги элчихоналари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.
Учрашув аввалида "APPG" раиси, Буюк Британия парламенти Жамоалар палатаси аъзоси Памела Кокс мазкур гуруҳнинг ташкил этилиши Буюк Британиянинг Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларини ҳар томонлама ривожлантириш ва кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам эканини таъкидлади.
"APPG"нинг Британия парламентида Марказий Осиё давлатлари билан сиёсий мулоқотни жадаллаштириш, савдо-иқтисодий шерикчиликни ривожлантириш, молиявий соҳада ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда маданий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича ташаббусларни илгари суришда минтақанинг Лондондаги элчихоналари билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлиги қайд этилди.
Мазкур парламент гуруҳи аъзоси, Британия ҳукуматининг Марказий Осиё ва Озарбайжон билан савдо масалалари бўйича махсус вакили лорд Олдердайс Бирлашган Қиролликнинг минтақа давлатлари билан савдо, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини баён этди.
Сўзга чиқувчилар ҳам ўз мамлакатларининг Британия билан муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Ўз навбатида, давра суҳбати иштирокчиларига Янги Ўзбекистонда жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика, туризм, илмий ва академик салоҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Хорижий томон жорий йил 16 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви натижалари, ушбу механизмга Озарбайжоннинг қўшилгани ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан янги форматдаги минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича илгари сурилган ташаббуслари ҳақида батафсил хабардор этилди.
Тадбир якунида иштирокчилар икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун мавжуд салоҳиятни рўёбга чиқариш бўйича алоқаларни давом эттириш ва амалий қадамларни фаоллаштиришга келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси