Logo

Копенгагенда Ўзбекистон–Дания ҳамкорликни янада фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди

Февраль 24, 2026. 15:55 • 2 дақ

446
Копенгагенда Ўзбекистон–Дания ҳамкорликни янада фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди

КОПЕНГАГЕН, 25 февраль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчиси Раҳматулла Нуримбетов Ўзбекистон–Дания муносабатларини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида ушбу давлатга амалий ташриф билан борди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Дания Ташқи ишлар ҳамда Иммиграция ва интеграция вазирликларида ўтган музокараларда икки томонлама сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича фикр алмашилди. Миграция ва иқлим барқарорлиги соҳасида шериклик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Халқаро миграция ташкилоти миссияси раҳбари Раген Наир билан учрашувда ўзбек меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, уларнинг ижтимоий мослашуви ва реинтеграцияси хусусида сўз юритилди. Шунингдек, республикамиздан Шимолий Европа мамлакатларига қонуний меҳнат миграциясини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.

Элчихонамиз делегацияси Копенгаген шаҳрида Шимолий Европа Вазирлар кенгаши котибиятида бўлиб, Нордик минтақасидаги минтақавий интеграция тажрибаси билан танишди.

Хёрнинг шаҳрида ўтказилаётган “Danish Travel Show” халқаро сайёҳлик кўргазмасида иштирок этиш доирасида дипломатия раҳбари “Хёрнинг кўргазма маркази” (Messecenter Herning) бошқарув компанияси ижрочи директори Георг Сёренсен билан учрашди. Мулоқот чоғида ўзбек тадбиркорлари иштирокида бизнес-миссиялар ва роуд-шоу ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Элчихона дипломатлари балиқчилик саноати учун сифатли озуқа ишлаб чиқариш ва етказиб беришга ихтисослашган “Aller Aqua AS” компаниясининг Кристиансфельдт шаҳридаги бош офисига ҳам ташриф буюрди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш