Омск вилояти билан ҳамкорлик алоқалари ривожлантирилади
Ноябрь 26, 2025. 09:02 • 2 дақ
• 171
НОВОСИБИРСК, 26 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхона вакиллари Омск вилояти губернатори Виталий Хоценконинг Россиядаги хорижий давлатларнинг дипломатик идоралари ва консуллик муассасалари ходимлари билан ўтказилган учрашувида иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашувда Виталий Хоценко дипломатик ва консуллик ваколатхоналари билан мунтазам мулоқот ўрнатилгани, ўзаро ҳамкорлик минтақанинг экспорт имкониятларини ривожлантириш, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Бу борда Бухоро, Навоий, Тошкент вилоятлари ҳамда Омск вилояти ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги битимларнинг имзолангани муҳим саъй-ҳаракатлардан бири бўлгани эътироф этилди.
Жорий йилнинг апрель ойида "Frut Siti" улгуржи-тақсимлаш марказининг очилиши минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришда алоҳида ўрин тутмоқда. Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотларини тўғридан-тўғри етказиб бериш Россия Федерациясининг ушбу минтақаси истеъмолчилари учун ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини ошириш ва юқори сифатини сақлаб қолишга ёрдам бермоқда.
Ўтган йил якунларига кўра, Омск вилоятининг Ўзбекистон Республикаси билан товар айирбошлаш ҳажми 40 фоиздан кўпроққа ошди, жорий йилнинг биринчи ярмида эса ўсиш 85 фоизни ташкил этди.
Мулоқот жараёнида маданий-гуманитар соҳада ҳам ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси