Logo

Пойтахтимизда “Tashkent Water Week 2026” халқаро форуми иш бошлади

Март 25, 2026. 18:13 • 3 дақ

82
Пойтахтимизда “Tashkent Water Week 2026” халқаро форуми иш бошлади

ТОШКЕНТ, 25 март. /“Дунё” АА/. Пойтахтимизда “Tashkent Water Week 2026” халқаро форуми иш бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

25–26 март кунлари бўлиб ўтадиган халқаро форум Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси билан Сув хўжалиги вазирлиги, “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” МТУ ҳамда Прогрессив ислоҳотлар маркази кўмагида ташкил этилди.

Мазкур Тошкент сув ҳафталигининг расмий очилиш маросимида иштирокчилар “Сув ресурсларини бошқаришда технологиялар ва инновациялар: Марказий Осиё ва глобал сув цикли” мавзусида ўтказилган ялпи мажлисда иштирок этди.

Форум дастури 16 та сессиядан иборат бўлиб, уларда 30га яқин давлатдан 80 нафар спикер ва 1 200 нафардан ортиқ делегат қатнашмоқда. Иштирокчилар сессияларда тажриба алмашиш, инновацион ёндашувларни муҳокама қилиш ва сув ресурсларини бошқаришда қўшма стратегияларни ишлаб чиқиш бўйича ўз билим ва кўникмаларини ошириш имконига эга бўлади.

Дастурнинг алоҳида йўналиши – сув хўжалиги соҳасида аёлларнинг ролини ривожлантиришдир. Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти (IWMI) каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Women Water Week” ташаббуси етакчилик, касбий ривожланиш ва аёлларнинг соҳадаги иштирокини ошириш масалаларига бағишланди.

Шунингдек ўқинг

Иштирокчилар сув таъминотидаги технологик ва рақамли инновациялар, сув ресурсларини бошқаришдаги глобал тенденциялар ва асосий муаммолар, озиқ-овқат хавфсизлигида сувнинг роли ва тармоқлараро ҳамкорликни ривожлантириш каби масалаларни ўрганди.

Умуман олганда, форум дастури профессионал ҳамжамиятнинг барча даражаларини – ҳукумат вакиллари ва халқаро ташкилотлардан тортиб бизнес, илмий ҳамжамият, ёш мутахассислар ва тадқиқотчиларгача бирлаштирган кенг қамровли платформа сифатида ишлаб чиқилган. Бу фан, амалиёт ва бизнес ўртасидаги ҳамкорликни таъминлайди ҳамда илмий ишланмаларни реал саноат ечимларига самарали жорий этиш учун шароит яратди.

Муҳокамалар давомида иштирокчилар иқлим ўзгариши шароитида халқаро ҳамкорлик, сув инфратузилмасини модернизация қилишда халқаро молия институтларининг роли ва озиқ-овқат ва ижтимоий хавфсизликни таъминлашда сув ресурсларининг аҳамияти каби масалаларини кўриб чиқмоқда.

Форумнинг биринчи куни нафақат сув билан боғлиқ муаммолар кўлами, балки халқаро ҳамжамиятнинг уларни ҳамкорлик ва умумий масъулият орқали ҳал қилишга интилиши ортиб бораётганини ҳам кўрсатди. Форумнинг иккинчи кунида амалий ёндашувларни янада бирлаштириш ва Тошкентнинг глобал сув мулоқотининг шаклланаётган маркази сифатидаги ролини мустаҳкамлаш кутилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш