«ИННОПРОМ. Марказий Осиё»: 2026 йилги кўргазмадан нималар кутилмоқда?
Март 23, 2026. 13:30 • 3 дақ
• 150
ТОШКЕНТ, 23 март. /«Дунё» АА/. Эртага Тошкентда 20-22 апрель кунлари бўлиб ўтадиган 6-Халқаро саноат кўргазмаси - «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» тадбирига тайёргарлик доирасида онлайн-семинар ўтказилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Семинарда Россиянинг Ўзбекистондаги Савдо ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Игорь Камынин ҳамда «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» дастурий директори Антон Атрашкин асосий маърузачи сифатида иштирок этадилар. Тадбир доирасида минтақадаги экспорт-импорт ҳамкорлиги салоҳияти ҳамда Россия ишлаб чиқарувчиларининг Марказий Осиё бозоридаги афзалликлари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
2026 йилда «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» кўргазмаси технологик шериклик йўналишини давом эттиради. Тадбирда иштирок этувчи Россия саноатининг етакчи компаниялари — «ТМХ», «Росатом», «Арнест Юнирусь», «Татнефть», «КамАЗ», «ММК», «Ростех», «Нацпроектстрой» ва бошқа йирик индустриал гигантлар аллақачон тасдиқланган. Анъанага кўра, экспортчиларни Россия экспорт маркази (РЭЦ) кенг кўламда қўллаб-қувватлайди.
Шунингдек, Россиянинг Москва шаҳри, Татаристон ва Бошқирдистон республикалари, Челябинск вилояти каби ҳудудлари ва бошқа субъектлари Марказий Осиё мамлакатларидаги шериклар билан тўғридан-тўғри ишлаб чиқариш занжирларини ривожлантириш мақсадида ўз имкониятларини намойиш этадилар. Кўргазмада Ўзбекистон ва Беларусь компаниялари ҳам ўз миллий экспозициялари билан иштирок этиши кутилмоқда.
2026 йилги кўргазмада саноатнинг барча тармоқлари учун замонавий технологиялар: шаҳар муҳити ва транспорт тизимларини ривожлантириш ечимларидан тортиб, мураккаб саноат ускуналари ва ишлаб чиқаришни автоматлаштиришгача бўлган ишланмалар намойиш этилади.
Хусусан, ташриф буюрувчилар муҳандислик инфратузилмасини назорат қилишнинг интеллектуал тизими, автомобиль, вертолёт ва юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар моделлари, учувчисиз учиш аппаратлари, сунъий интеллектга асосланган таълим дронлари, саноат ишлари учун роботлаштирилган техникалар, ишлаб чиқариш линиялари учун машина кўринишига асосланган рақамли платформа, биноларни автоном энергия билан таъминлаш тизими ва бошқа кўплаб инновацион ишланмалар билан танишишлари мумкин бўлади.
Ишбилармонлик дастурининг асосий воқеаси 20 апрель куни бўлиб ўтадиган Бош ялпи мажлис (пленар сессия) ҳисобланади. Таклиф этилган маърузачилар қаторида Россия Ҳукумати Раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров, Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев, Қозоғистон саноат ва қурилиш вазири Ерсайын Нагаспаев, Қирғизистон иқтисодиёт ва тижорат вазири Бақит Сидиқов, Евроосиё иқтисодий комиссиясининг саноат ва агросаноат мажмуаси бўйича Ҳайъат аъзоси (вазири) Гоар Барсегян, шунингдек, халқаро делегациялар раҳбарлари, саноат компаниялари ва тармоқ ассоциациялари мутасаддилари бор.
Тадбирда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш жараёни расмий веб-сайтда аллақачон бошланган. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2025 йилда мазкур кўргазмага дунёнинг 35 дан ортиқ мамлакатидан, жумладан, Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа давлатлардан 11 минг нафардан зиёд ташриф буюрувчилар келган. Ўз навбатида, 500 дан ортиқ экспортчи компаниялар ўзларининг илғор технологик ечимларини намойиш этганлар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси