Сирдарёда Жанубий Корея бизнеси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Январ 14, 2024. 14:40 • 2 дақ
• 310
ТОШКЕНТ, 14 январь. /«Дунё» АА/. Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Махмудалиев Корея–Ўзбекистон бизнес ассоциацияси раиси биринчи ўринбосари Ким Чанг Кеонни қабул қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Томонлар дастлаб 2023 йилнинг декабрь ойида Сирдарё вилояти делегациясининг Жанубий Кореяга қилган амалий ташрифи давомида эришилган келишувларга эътибор қаратди.
Шунингдек, самимий ва амалий руҳда кечган мулоқот давомида ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни барқарор давом эттириш ва келишилган инвестиция лойиҳаларини жадал суратда амалга ошириш, Корея Республикасининг етакчи компанияларини Сирдарёга фаол жалб этиш юзасидан фикр алмашилди.
Ким Чанг Кеоннинг таъкидлашича, сўнги вақтларда бўлиб ўтган делегациялар алмашинуви, юқори даражада ўрнатилган очиқ, конструктив ва фаол мулоқотлар самараси ўлароқ бир қатор кореялик ишбилармон доира вакилларининг вилоятга инвестиция киритишга қизиқиши ортган.
Хусусан, ҳамкорликда Гулистон шаҳрида тўрт юлдузли меҳмонхона ва замонавий болалар боғчаси қуриш, Санмун университетининг ITга ихтисослашган филиалини очиш ва Корейс тили ўқитиш марказини ташкил этиш, Гулистон туманида Жанубий Корея тажрибаси асосида гилос ва анор етиштириш ҳамда қайта ишлашни йўлга қўйиш, Янгиер шаҳрида ярим тайёр ва тез тайёр бўладиган озиқ-овқат маҳсулотлари, Мирзаобод туманида электроника ва медиатехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш бўйича янги инвестицион лойиҳалар тайёрланган.
Ташаббускорлар мазкур лойиҳалар фаол босқичини бошлашга тайёр. Шу мақсадда февраль ойида қатор расмийлар ва йирик сармоядорлардан иборат Корея делегациясининг Сирдарёга сафари режалаштирилмоқда.
Мулоқот якунида вилоят ҳокими бундан буён ҳам Жанубий Корея бизнесининг вилоятимиздаги иштирокини кенгайтириш учун энг қулай шароитларни яратишга тайёр эканини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси