Logo

Тиббиёт соҳасини рақамлаштириш ва тиббий суғурта тизимини жорий этиш бўйича Польша тажрибаси ўрганилади

Октябрь 31, 2025. 12:54 • 2 дақ

64
Тиббиёт соҳасини рақамлаштириш ва тиббий суғурта тизимини жорий этиш бўйича Польша тажрибаси ўрганилади

ВАРШАВА, 31 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Амирсаид Агзамходжаев Польша соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Катаржина Анна Кацперчик билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари, соҳанинг долзарб йўналишлари ва истиқболда амалга ошириш мумкин бўлган қўшма ташаббуслар муҳокама қилинди.

Польша томони мамлакатда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар билан таништирди. Таъкидланишича, Польша бугунги кунда Европа Иттифоқида тиббиёт соҳасини рақамлаштиришда етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакатда соғлиқни сақлаш тизимида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилиб, рақамли ечимлар дастурлари орқали тиббий хизматлар кўрсатишнинг самарадорлиги ва шаффофлиги кескин ошган.

Суҳбат давомида соғлиқни сақлаш соҳасида кадрлар малакасини ошириш, амалий ҳамкорликни кучайтириш, инновацион ечимларни жорий этиш, шунингдек, рақамли хизматларни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар икки мамлакат тиббиёт тизимларидаги имкониятлар ва устувор йўналишлар бир-бирига яқин эканини таъкидлаб, бу соҳадаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш муҳим эканини қайд этди.

Биргаликда соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш, малака ошириш, қўшма тренинг ва семинарлар ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар  онкология, кардиология, неонатология ва ортопедия йўналишларида Ўзбекистон мутахассислари учун Польшада ўқув-амалий стажировкаларини ташкил этиш, тиббий суғурта тизимини жорий этиш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича Польша тажрибасини ўрганиш мақсадида ишчи гуруҳ ташрифини амалга ошириш ва бошқалар юзасидан келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш