Француз тили дарслигини миллий стандартга мослаштириш масаласи кўриб чиқилди
Март 27, 2026. 17:34 • 2 дақ
• 137
ПАРИЖ, 28 март. /“Дунё” АА/. Франция пойтахтида Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова Франциянинг етакчи таълим ва нашриёт ташкилотлари вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувларда асосий эътибор мамлакатимизда француз тилини ўқитишни ривожлантириш, замонавий ўқув-методик материалларни жорий этиш ва мактабгача таълим соҳасида халқаро тажрибани татбиқ қилиш масалаларига қаратилди.
Хусусан, “Groupe Hachette Livre” ташкилоти раҳбарияти билан учрашувда француз тили бўйича дарсликларни Ўзбекистоннинг миллий таълим стандартлари ва ўқув дастурларига мослаштириш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларида замонавий ўқув қўлланмаларини босқичма-босқич жорий этиш ва ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Эъзозхон Каримова таълим технологиялари соҳасида фаолият юритувчи “Kokoro Lingua” компанияси асосчиси Натали Ласселин билан ҳам музокаралар ўтказди. Бу учрашувда қўшма таълим дастурларини мониторинг қилиш, мактабга тайёрлов гуруҳлари учун янги ўқув дастурлари ишлаб чиқиш ва тарбиячиларни халқаро стандартлар асосида сертификатлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувлар якунида томонлар мактабгача ва мактаб таълими соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириш ва ҳамкорликнинг шартномавий асосларини мустаҳкамлаш юзасидан келишувга эришди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси