Загребдаги музокараларда маданият соҳасида Ўзбекистон-Хорватия янги лойиҳалар муҳокама қилинди

ЗАГРЕБ, 4 апрель. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Хорватиядаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Тожихоновнинг Хорватияга расмий ташрифи амалга оширилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида Хорватия Маданият ва оммавий ахборот воситалари вазирлиги давлат котиби Крещимир Партл, Миллий театр бош директори ва бадиий раҳбари Ива Храсте-Сочо, “Matica hrvatska” ташкилоти президенти Дамир Зорич ҳамда Аудиовизуал маркази директор ўринбосари Майя Вукич билан қатор музокаралар ўтказилди.
Учрашувлар давомида маданият соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, театр ва кино санъати, адабий алмашинув, шунингдек, қўшма маданий тадбирларни ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, қўшма театр ва кино лойиҳаларини амалга ошириш, ўзбек ижодий жамоаларининг Хорватияда ўтказиладиган халқаро фестивалларда иштирокини таъминлаш, икки мамлакат миллий адабиётини тарғиб қилишга қаратилган қўшма ташаббусларни йўлга қўйиш ҳамда маданият ва санъат соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш бўйича ҳам фикр алмашилди.
Ташриф якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш ва барқарор маданий алоқаларни ривожлантиришга тайёр эканини билдирди. Бу театр, кино, адабиёт ва санъатнинг бошқа йўналишларида тажриба алмашиш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имконият яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси