Покистон илмий марказлари билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш соҳасида қўшма тадқиқотлар амалга оширилади

Декабрь 12, 2024. 12:59 • 2 дақ

185
Покистон илмий марказлари билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш соҳасида қўшма тадқиқотлар амалга оширилади

ИСЛОМОБОД, 12 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Акмалжон Қосимов ва Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги раҳбари Иброҳим Эргашев Покистонга ташрифи давомида Миллий қишлоқ хўжалиги илмий тадқиқот маркази фаолияти билан танишди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимиз вакилларига марказ ҳудудида жойлашган ўсимликлар, чорвачилик, балиқчилик, полиз экинлари, жумладан картошкачилик илмий тадқиқот институтлари фаолияти, олиб борилаётган илмий изланишлар, эришилган ютуқлар намойиш этилди.

Уруғчилик йўналишидаги лойиҳалар, юқори ҳосилдор ва касалликларга чидамли навларни яратиш борасидаги тадқиқотлар ҳақида таъкидланди.

Томонлар биргаликда илмий тажрибалар ўтказиш, қўшма тадқиқот лойиҳалари устида ишлаш, соҳага оид маълумот ва тажриба алмашиш тўғрисида келишиб олди.

Шунингдек ўқинг

Шу куннинг ўзида Исломободнинг энг йирик савдо маркази – "Centarus Mall" супермаркети таъсисчиси Сардар Ясир билан ҳам учрашув ўтказилди.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини Покистон бозорига олиб кириш масаласи кўриб чиқилди. Шунингдек, Ўзбекистонда қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

2025 йил февраль ойида ушбу савдо маркази ҳудудида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмасини ташкил этишга келишилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш