Ҳиндистонда Ўзбекистон тиббий таълим сифати бўйича биринчи ўринни эгаллади

Июнь 02, 2026. 08:10 • 3 дақ

171
Ҳиндистонда Ўзбекистон тиббий таълим сифати бўйича биринчи ўринни эгаллади

ДЕҲЛИ, 2 июнь. /“Дунё” АА/. 2025 йил декабрь ойида Ҳиндистонда хорижий тиббиёт олий билим юртлари битирувчилари учун ўтказилган имтиҳон (Foreign Medical Graduate Examination - FMGE) натижаларига кўра, Ўзбекистон тиббий таълим берувчи етакчи давлатлар орасида имтиҳондан муваффақиятли ўтиш фоизи бўйича биринчи ўринни эгаллади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Бу ҳақда Ҳиндистон Миллий имтиҳон кенгаши (National Board of Examinations in Medical Sciences - NBEMS) томонидан маълум қилинди.

Расмий ҳисоботга кўра, Ўзбекистон тиббиёт олий ўқув юртларини битирган ҳинд талабаларининг умумий муваффақият кўрсаткичи 40,37 фоизни ташкил этган. Ушбу натижа дипломлари Ҳиндистонда тан олинадиган «Топ-10» мамлакатлар ичида энг юқори кўрсаткич бўлди.

Ўзбекистон рейтингдаги ўзининг энг яқин рақобатчиларини ишончли тарзда ортда қолдирди. Имтиҳондан ўтиш фоизи бўйича ўринлар тақсимоти қуйидагича кўринишга эга:

1. Ўзбекистон - 40,37%

2. Бангладеш - 34,45%

3. Грузия - 32,36%

4. Россия - 30,94%

5. Қозоғистон - 29,33%

6. Непал - 23,92%

Шунингдек ўқинг

7. Украина - 21,48%

8. Қирғизистон - 20,21%

9. Филиппин - 18,56%

10. Хитой - 14,26%

Бу маълумот Ўзбекистон университетларидаги халқаро стандартларга асосланган ўқув дастурлари ҳамда клиник тайёргарлик жараёни юқори даражада эканини яна бир бор тасдиқламоқда.

Самарқанд давлат тиббиёт университетининг кўрсаткичи алоҳида эътирофга лойиқ. Ушбу олий билим юрти битирувчилари 42 фоизлик муваффақият натижасини намойиш этди. Бу барча хорижий тиббиёт институтлари орасида энг юқори индивидуал кўрсаткичлардан биридир.

Ҳиндистоннинг тиббий таълимни тарғиб қилиш билан шуғулланувчи “MD House” таълим компанияси ушбу натижа Ҳиндистондаги талабалар ва уларнинг ота-оналари орасида Ўзбекистон университетлари дипломларига бўлган ишончни сезиларли даражада мустаҳкамлашини таъкидлади.

“Ушбу ютуқ мамлакат университетларида тиббий таълим ва талабаларни тайёрлаш даражаси нечоғли юқори эканини кўрсатади. Биз Ўзбекистонда таҳсил олишнинг афзалликлари ҳақида хабардорликни ошириш ва ишончни янада мустаҳкамлаш учун ушбу муваффақиятни Ҳиндистонда фаол тарғиб қилмоқдамиз”, дея изоҳ берди компания вакиллари.

Нуфузли NBEMS рейтингида биринчи ўринни эгаллаш орқали Ўзбекистон нафақат минтақада тиббий таълим олиш учун энг яхши йўналишлардан бири сифатидаги мақомини тасдиқлади, балки Ҳиндистон каби йирик халқаро бозорларда талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлашга қодирлигини намойиш этди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш