Logo

Куала-Лумпурда Ўзбекистон фуқароларини Малайзия корхоналарида қонуний иш билан таъминлаш истиқболлари муҳокама қилинди

Декабрь 21, 2023. 17:32 • 2 дақ

212
Куала-Лумпурда Ўзбекистон фуқароларини Малайзия корхоналарида қонуний иш билан таъминлаш истиқболлари муҳокама қилинди

КУАЛА-ЛУМПУР, 22 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси ходимлари ушбу мамлакатнинг «Language Talent Solutions» рекрутинг компанияси директори Жиндер Каур Сидху билан учрашув ўтказдилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Суҳбат давомида Малайзияда меҳнат фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларни қонуний асосда Куала-Лумпур шаҳрида муносиб ишга жойлаштириш масалалари муҳокама қилинди.


Малайзия томонига Ўзбекистонда хавфсиз ташқи меҳнат миграциясини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳияти алоҳида таъкидланди.


Жиндер Сидху ўз навбатида, хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича республикада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади.


Ҳозирги кунгача мазкур компания Вьетнам, Жанубий Корея, Индонезия, Камбоджа, Лаос, Мьянма, Таиланд Филиппин, Хитой, Ҳиндистон ва Япония каби мамлакатлардан келган 700 нафардан ортиқ фуқароларни маҳаллий корхоналарда меҳнат фаолиятини олиб бориш учун жалб қилган. Шунингдек, жорий йилда бир қатор Ўзбекистон фуқаролари ҳам Малайзияда иш жойи билан таъминланган.


Учрашув якунида Малайзияда меҳнат фаолиятини олиб бормоқчи бўлган ўзбекистонликларни иш билан таъминлаш, уларга тегишли рухсатномаларни ўз вақтида расмийлаштириш ва муносиб иш шароитларини яратиш бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш