Ўзбекистонда шахмат ренессанси: Самарқандда тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпионати расман бошланди
Декабрь 26, 2023. 14:24 • 3 дақ
• 180
ТОШКЕНТ, 26 декабрь. /«Дунё» АА/. Бугун Самарқанд шаҳрида тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпионатининг биринчи куни, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Халқаро шахмат федерацияси FIDE манбасига таяниб.

Мақолада «Silk Road Samarkand» сайёҳлик марказида шахматнинг рапид ва блиц йўналиши бўйича жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтгани қайд этилган. Тадбир шахмат тарихи, жаҳон рапид ва блиц мусобақаларининг аҳамияти, Ўзбекистоннинг шахмат оламидаги нуфузи ортиб бораётгани ва Самарқанднинг бой меросига бағишланди. Чемпионатнинг биринчи босқич учрашувлари аллақачон бошланган ва у 30 декабргача давом этади.
Порталда таъкидланишича, маросим жаҳон рапид ва блиц турнирининг замонавий тарихи ва олдинги мусобақаларнинг асосий онлари ҳақида ҳикоя қилувчи видеолавҳа билан бошланди.
Шунингдек, томошабинлар эътибори Ўзбекистоннинг «Учинчи ренессансга қаратилди: мамлакатимизда бошлаган маданий, интеллектуал ва миллий ислоҳотларнинг учинчи тўлқини акс эттирилди. Ушбу лойиҳанинг бир қисми шахмат билан ҳам боғлиқ бўлиб, давлатимиз томонидан таълим ташаббуслари ва янги жиҳозлар учун зарур ресурслар ажратилди. Тўдакўлда дунёдаги энг йирик шахмат ўқув марказларидан бири ташкил этилгани бунинг далилидир.
Ўзбекистон ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов ушбу тадбирдаги нутқида қуйидагиларни таъкидлади: «Ўзбекистон бундай муҳим тадбирни қадимий, аммо замонавий шаҳар Самарқандда ўтказганидан жуда мамнун. Минтақавий ва хорижий оммавий ахборот воситалари бунга катта қизиқиш билдирмоқдалар ва биз бундан жуда миннатдормиз. Сўнгги тўрт ой давомида ушбу тадбирни ташкил этиш учун астойдил ҳаракат қилдик ва кутилаётган олти кун самарали ва муваффақиятли бўлишига умид қиламиз».
Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) президенти Аркадий Дворкович тадбирни юқори даражада ташкил этгани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирди ва FIDE бутун дунё мухлисларига ўз севимли шахматчиларини бевосита кўриш имконияти орқали жаҳон миқёсидаги шахмат мусобақаларини кўпроқ ташкил этишга интилаётганини таъкидлади.
Муаллифнинг ёзишича, турнирда амалдаги ва собиқ чемпионлардан иборат таниқли шахматчилар жамоаси иштирок этмоқда. Чемпионатнинг очиқ қисмида жаҳон рейтингининг биринчи қаторини эгаллаган амалдаги рапид ва блиц бўйича жаҳон чемпиони Магнус Карлсен, Жаҳон чемпиони» унвонига собиқ даъвогар шахматчилар Ян Непомнящий, Фабиано Каруана, Левон Аронян ва бошқалар дона суради. Мусобақанинг аёллар ўртасидаги баҳсларда амалдаги жаҳон чемпиони Цзюй Вэньцзюнь, шунингдек собиқ жаҳон чемпионлар Александра Костенюк, Мария Музычук, Тань Чжунъи, Антоанета Стефанова ва бошқалар иштирок этади.
FIDE порталида турнирнинг умумий мукофот жамғармаси бир миллион АҚШ долларига тенг эканлиги маълум қилинган. Шундан 700 минг доллари очиқ ва 300 минг доллари аёллар мусобақалари учун мўлжалланган. Ушбу чемпионат шахмат дунёсидаги энг йирик тадбирлардан биридир.
«Иштирокчилар таркиби ва юқори даражадаги соврин жамғармаси туфайли 2023 йилги рапид ва блиц бўйича жаҳон чемпионати дунёнинг энг яхши гроссмейстерлари ўртасидаги ҳаяжонли ва шиддатли рақобатни ваъда қилмоқда», - дейилади FIDE томонидан эълон қилинган мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Туркиядаги жаҳон чемпионатида ёш шахматчиларимиз етакчилик қилмоқда
Россия ОАВ: Ўзбекистонлик шахматчи жаҳон кубогининг энг ёш ғолибига айланди
Ёнғин-қутқарув спорти бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон вакиллари совриндор бўлди
Ўзбекистон Миллий паралимпия терма жамоаси халқаро турнирда муносиб иштирок этди