Logo

“EU Reporter”: “Ўзбекистон–2030” стратегияси замонавий методларга мослаштирилмоқда

Январ 10, 2026. 14:07 • 2 дақ

84
“EU Reporter”: “Ўзбекистон–2030” стратегияси замонавий методларга мослаштирилмоқда

БРЮССЕЛЬ, 12 январь. /“Дунё” АА/. Бельгиянинг етакчи электрон нашри “EU Reporter”да “Ўзбекистон–2030” стратегиясининг нима сабабдан такомиллаштирилаётгани юзасидан мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва халққа йўллаган Мурожаатномасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш вазифасини қўйган. “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатни ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган йўналишларини белгилаб берувчи муҳим дастурий ҳужжат сифатида қаралади. Унда ислоҳотларнинг умумий мантиғи, Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг устувор мақсадлари ва амалий механизмлари жамланган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, давлат бошқаруви, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида салмоқли натижаларга эришилди. Бу жараёнда албатта “Ўзбекистон – 2030” стратегияси муҳим манба бўлиб хизмат қилди. Бироқ жамият ҳаёти ва глобал жараёнлар доимий равишда янгиланиб бормоқда. Янги иқтисодий шароитлар, технологик ўзгаришлар ва халқаро майдондаги динамика давлат сиёсати олдига янги вазифаларни қўймоқда.

Шу боис “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини мавжуд реал шароит, аҳоли эҳтиёжлари ҳамда замон талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш зарурати юзага келмоқда.

Муаллифнинг айтишича, такомиллашаётган стратегиянинг марказида давлат раҳбари томонидан илгари сурилган асосий ғоя – “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил туради. Янги таҳрирда стратегия ушбу ғояни амалий мазмун билан бойитиб, мамлакат ривожланишини янада самарали, натижага йўналтирилган ва ҳисобдор тизим асосида давом эттиришни кўзлайди.

Стратегияни такомиллаштириш жараёнида унинг доирасида эришилган натижалар чуқур таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар инобатга олинмоқда. Шу билан бирга, мақсадларга эришишни аниқ ўлчаш имконини берувчи самарадорлик кўрсаткичлари қайта кўриб чиқилмоқда. Ҳар бир аниқ мақсад учун масъул давлат органи белгиланиб, зарур молиявий манбалар очиқ кўрсатилиши стратегия ижросида жавобгарлик ва ҳисобдорликни кучайтиради.

Яна бир муҳим жиҳат – стратегиянинг ҳар бир фуқаро учун тушунарли ва ҳаётий бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси шундай шакллантирилмоқдаки, ҳар бир инсон ундан ўз ҳаёти, оиласи ва фарзандлари келажаги учун қандай амалий фойда борлигини кўра олсин. Яъни стратегия умумий шиорлар эмас, балки кундалик ҳаётда сезиладиган аниқ ўзгаришлар манбаи бўлиши лозим.

Энг муҳим принципиал жиҳатлардан бири – стратегиянинг халқ билан маслаҳатлашув асосида такомиллаштирилишидир. Лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, аҳоли, экспертлар ва фуқаролик жамияти институтларининг таклифлари инобатга олинади. Чунки фақат жамоатчилик фикрини ўзида акс эттирган ҳужжатгина ҳаётий ва самарали бўлиши мумкин.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш