“ТRТ-Аvaz”: Ўзбекистон 2030 йилда фуқаролар визасиз чиқиш мумкин бўлган давлатлар сонини 50 тага етказмоқчи
Январ 10, 2026. 14:24 • 2 дақ
• 147
АНҚАРА, 10 январь. /“Дунё” АА/. Туркиянинг оммабоп “ТRТ-Аvaz” ахборот порталида “Ўзбекистон паспорти юксалмоқда: 2030 йилги мақсад 50 та давлатга визасиз кириш” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ва янгиланаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ўзбекистонликлар визасиз ташриф буюриш мумкин бўлган мамлакатлар сони аста-секин оширилиб бориши ҳақида сўз юритилади.
“Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирда Ўзбекистон фуқаролари 35 та давлатга визасиз ва 42 та давлатга соддалаштирилган тартибда киришлари мумкин. Янги стратегияга кўра, бу кўрсаткичларни сезиларли даражада ошириш режалаштирилган. 2030 йилги мақсад - тўлиқ визасиз саёҳат қилиш мумкин бўлган мамлакатлар сонини 50 тага етказиш”, – дейилади материалда.
Нашрда ёзилишича, ушбу стратегик мақсад Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги “очиқ эшиклар” сиёсатининг давоми сифатида қаралмоқда.
· Виза имтиёзларининг кўпайтириш орқали қуйидагилар мақсад қилинган:
· Иқтисодий ҳамкорлик: ишбилармонлар ва инвесторларнинг халқаро мобиллигини осонлаштириш;
· Туризм ва таълим: Ўзбекистон ёшлари ва сайёҳлари учун халқаро имкониятлардан фойдаланишни кенгайтириш;
· Дипломатик нуфуз: Ўзбекистон паспортининг глобал индекслардаги рейтингини яхшилаш («Henley Passport Index» ва бошқалар).
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини такомиллаштириш лойиҳаси матнида нафақат виза имтиёзлари, балки халқаро ҳуқуқ ва дипломатик муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари ҳам ўрин олган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси