Logo

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси аҳоли эҳтиёжлари ва замон талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирилади

Январ 09, 2026. 14:30 • 3 дақ

574
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси аҳоли эҳтиёжлари ва замон талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирилади

ИСЛОМОБОД, 11 январь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Diplomatic News Agency” ахборот агентлиги, “Islamabad Post” газетаси, “The Еurope Today” ва “The Gulf Observer”   каби электрон нашрларида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи  директори Элдор Туляковнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси нима учун такомиллаштирилмоқда?» сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Муаллиф ёзганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатнинг ўрта ва узоқ муддатли ривожланишини белгилаб берувчи асосий дастурий ҳужжат ҳисобланади. У Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ислоҳотларнинг умумий йўналиши, устувор мақсадлари ва амалий механизмларини ўзида мужассам этади.

“Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, давлат бошқаруви, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида салмоқли натижаларга эришилди. Бу жараёнда албатта “Ўзбекистон – 2030” стратегияси муҳим манба бўлиб хизмат қилди. Бироқ жамият ҳаёти ва глобал жараёнлар доимий равишда янгиланиб бормоқда. Янги иқтисодий шароитлар, технологик ўзгаришлар ва халқаро майдондаги динамика давлат сиёсати олдига янги вазифаларни қўймоқда”, – деб ёзган Элдор Туляков.

 Унинг таъкидлашича, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини мавжуд реал шароит, аҳоли эҳтиёжлари ҳамда замон талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш зарурати юзага келмоқда.

Шунингдек ўқинг

Нашрларда, шунингдек, такомиллашаётган стратегиянинг марказида Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган асосий ғоя – “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил туриши қайд этилган. Янги таҳрирда стратегия ушбу ғояни амалий мазмун билан бойитиб, мамлакат ривожланишини янада самарали, натижага йўналтирилган ва ҳисобдор тизим асосида давом эттиришни кўзлайди.

“Стратегияни такомиллаштириш жараёнида унинг доирасида эришилган натижалар чуқур таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар инобатга олинмоқда. Шу билан бирга, мақсадларга эришишни аниқ ўлчаш имконини берувчи самарадорлик кўрсаткичлари қайта кўриб чиқилмоқда. Ҳар бир аниқ мақсад учун масъул давлат органи белгиланиб, зарур молиявий манбалар очиқ кўрсатилиши стратегия ижросида жавобгарлик ва ҳисобдорликни кучайтиради. Яна бир муҳим жиҳат – стратегиянинг ҳар бир фуқаро учун тушунарли ва ҳаётий бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси шундай шакллантирилмоқдаки, ҳар бир инсон ундан ўз ҳаёти, оиласи ва фарзандлари келажаги учун қандай амалий фойда борлигини кўра олсин”, – дейилган материалларда

Мақолалар якунида ёзилганидек, энг муҳим принципиал жиҳатлардан бири – бу стратегиянинг халқ билан маслаҳатлашув асосида такомиллаштирилишидир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zebo Meliyeva

zebo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш