Logo

Бош консул Бурятиядаги махсус марказда сақланаётган ватандошлар билан кўришди

128
Бош консул Бурятиядаги махсус марказда сақланаётган ватандошлар билан кўришди

УЛАН-УДЭ, 22 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули Аслам Акбаров Россиянинг Улан-Удэ шаҳрида Ички ишлар вазирлигининг Бурятия Республикаси бўйича Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказида бўлиб турган ватандошлар билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Айни пайтда ушбу марказда 8 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлиб турибди. Мазкур муассаса раҳбарияти билан ўтказилган мулоқотда юртдошларимизнинг яшаш шароити, таъминоти, овқатланиши, уларни Ватанга тезроқ қайтариш имкониятлари муҳокама қилиниб, фуқароларимиз жойлашган бинолар кўздан кечирилди.

Ҳар бир Ўзбекистон фуқароси билан алоҳида суҳбатлар давомида уларнинг илтимос ва истаклари тингланди, Бурятия Республикаси ҳудудидаги ҳуқуқбузарликларнинг хусусиятларига оид барча маълумотлар батафсил ёзиб олинди.

Маълум бўлишича, фуқароларимизнинг аксарияти меҳнат шартномалари ва патентларини расмийлаштириш, Бурятияда меҳнат фаолиятини амалга ошириш муддатларини бузгани, Россия ҳудудида қонуний бўлиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш тартибига риоя қилмагани сабабли махсус марказда қолмоқда.

Ватандошларимиз Бош консулхона томонидан кўрсатилаётган эътибор учун алоҳида миннатдорлик билдирди. Ушбу муассаса ходимларининг уларга бўлган ҳурмат-эҳтироми, яратилган яхши шарт-шароитлар, айниқса, муқаддас Рамазон ойида кузатилаётганини таъкидлади.

Айни пайтда Бош консулхона томонидан мазкур муассасада бўлиб турган икки нафар ўзбекистонлик аёлни имкон қадар тезроқ ватанга қайтариш масаласи ҳал этилмоқда. Мамлакатимизнинг қолган олти нафар фуқароси ҳам бир неча кун ичида ортга қайтарилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш