Ўзбекистон дипломатлари Россиянинг Тула вилояти раҳбарияти билан меҳнат миграцияси масаласида музокара ўтказди
Ноябрь 09, 2025. 13:45 • 2 дақ
• 273
ТУЛА, 11 ноябрь. /"Дунё" АА/. Россиянинг Тула вилояти ҳокимлиги билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масаласида учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашув Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ҳамда Миграция агентлиги ваколатхонаси ташаббуси билан ўтказилди. Унда Тула вилояти ҳокимлиги раҳбарияти, иқтисодиёт, меҳнат ва ижтимоий соҳа масъуллари, маҳаллий корхоналар вакиллари иштирок этди.
Суҳбат жараёнида меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва уларни қонуний ишга жойлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон делегацияси бу ерда меҳнат фаолияти олиб бораётган ҳамюртларимизга яратилган шарт-шароит, уларга кўрсатилаётган эътибор хусусида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга, ишлаш ҳуқуқини берувчи патент нархлари ва унинг меҳнат бозорига таъсири ҳақида фикр-мулоҳаза билдирилди.
Томонлар Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат шароити, ижтимоий ва тиббий ҳимояси юзасидан мунтазам мониторинг ўтказиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди.
Учрашув якунида миграция масалалари бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш, ишчиларнинг иш шароитини ўрганиш ва юзага келадиган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан турли келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси