Logo

Фленсбург шаҳрида Ўзбекистон ёшларини меҳмонхона ва гастрономик хизматлар бўйича касбий таълимга тайёрлашга оид битим имзоланди

Январ 27, 2025. 12:54 • 3 дақ

164
Фленсбург шаҳрида Ўзбекистон ёшларини меҳмонхона ва гастрономик хизматлар бўйича касбий таълимга тайёрлашга оид битим имзоланди

БЕРЛИН, 27 январь. /"Дунё" АА/. Жорий йил 22 январь куни Фленсбург шаҳрида "Германияда меҳнат миграцияси: меҳмонхона ва гастрономик бизнес хизматлари" мавзусида давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир Фленсбург Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистондаги Гёте институти томонидан мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Профессионал таълимни ривожлантириш институти, Туризм қўмитаси, Тошкент, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги туризм ва меҳмонхона менежменти техникумлари, Ўзбекистондаги Гёте институти раҳбарияти ва вакилларидан иборат делегация, Фленсбург Савдо-саноат палатаси раҳбарияти, немис касбий таълим муассасалари ҳамда мамлакатимиз дипломатик ваколатхонаси вакиллари қатнашди.

Учрашувда Германияда меҳнат миграциясининг бугунги ва истиқболдаги ҳолати ҳамда юртимизда ёшларга касбий таълим олиш ва хорижда ишлаш учун яратилаётган шароитлар юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Германия меҳмонхона ва гастрономия соҳасида касбий таълим тизимларига оид тақдимотлар ўтказилди.

Мамлакатимиз элчиси Дилшод Ахатов ўз нутқида, Ўзбекистон ва Германия ўртасида меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Эришилган келишувлар Германияга малакали ишчиларни жалб қилиш орқали икки давлат манфаатларига хизмат қилишига урғу берилди. Шунингдек, Ўзбекистон томони ёшларнинг тил ва касбий тайёргарлигини кучайтириш ва ҳамкорликни янада самарали амалга ошириш учун қатъий ҳаракат қилаётгани алоҳида қайд этилди.

Фленсбург Савдо-саноат палатаси президенти Франциска Лойпельт ушбу шаҳарда хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва саноат соҳаларида 6 мингдан ортиқ иш ўринлари етишмовчилиги мавжудлиги ва ўзбекистонлик ёшларни ишга жалб қилишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Ўзбекистондаги Гёте институти директори ўринбосари Вальтер Сабиель эса немис тилини ўқитишда Гёте институти ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.

Давра суҳбати доирасида Фленсбург Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистондаги Гёте институти ва Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўртасида аҳдлашув ҳужжати имзоланди. Ҳужжатга кўра, эндиликда Гёте институти томонидан танлаб олинган Тошкент, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги туризм ва меҳмонхона менежменти техникумларининг А2 тил сертификатига эга биринчи курс талабалари жорий йил ёз фаслида Фленсбургдаги меҳмонхона ва умумий овқатланиш муассасаларида амалиёт ўтайдилар. Шунингдек, лойиҳанинг иккинчи босқичида мамлакатимиз туризм ва меҳмонхона менежменти техникумларининг В2 тил сертификатига эга битирувчиларини Фленсбургдаги меҳмонхона ва умумий овқатланиш муассасаларида ишга жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон томони дуал касбий таълим муассасалари фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Ханна Арендт Фленсбург касбий таълим мактабига ташриф буюрди.

Бу ерда ўтган учрашувлар якунида, Ўзбекистонда немис касбий таълим стандартларини жорий этиш, ёшларни талаб юқори касбларга ўқитиш ва Фленсбургдаги бўш иш ўринларига жалб этишга келишилди.

Немис томони мазкур ташаббусларни амалга ошириш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Профессионал таълимни ривожлантириш институти билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга тайёрлигини маълум қилди.

– Ўзбекистон делегациясининг Фленсбург Савдо-саноат палатасига малакали кадрлар билан таъминлаш ва миграция соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадидаги ташрифидан жуда мамнунмиз, – деди  Фленсбург Савдо-саноат палатаси президенти Франциска Лойпельт. – Жорий йил ёз ойларида Ўзбекистон билан мазкур йўналиш бўйича пилот лойиҳани амалга оширамиз. Унга кўра, 15 нафар ўзбекистонлик касб-ҳунар техникумлари талабалари Шлезвиг-Гольштейн федерал ўлкасида тўрт ҳафталик амалиёт ўтайдилар. Бу орқали ёшлар амалтётдан ташқари, Германия ҳаёти, маданияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўладилар. Мақсадимиз ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, келажакда янада кўпроқ ўзбек ёшларини Германияга меҳнат фаолиятига жалб қилишдан иборат.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш