Қатар Ўзбекистондан малакали мутахассисларни ишга қабул қилишга тайёр
Январ 25, 2025. 12:03 • 2 дақ
• 277
ДОҲА, 25 январь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида 23-25 январь кунлари Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миграция агентлиги директори Бехзод Мусаев ва ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев бошчилигидаги мамлакатимиз делегациясининг Қатарга ташрифи ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф давомида Қатар меҳнат вазири ўринбосари Шайха Нажва бинт Абдураҳмон Ол Соний, Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик департаменти директори Муҳаммад бин Абдулло Ас-Субаий ва Ички ишлар вазирлиги миграция ва паспорт хизмати раҳбари генерал Муҳаммад бин Аҳмад Ад-Дусарийлар билан учрашувлар ўтказилди.
Бўлиб ўтган тадбирлар доирасида Қатар томони мамлакат меҳнат бозорида Ўзбекистон фуқароларининг сони ошиб боришидан манфаатдор эканини таъкидлади.
Ўзбекистондан Қатарга вақтинча ишлаш мақсадида ташриф буюрадиган фуқароларга кўмаклашиш, жумладан, уларга муносиб иш ўринлари ва зарур шароитларни яратиш, визалар расмийлаштирилиши билан боғлиқ тартибни соддалаштириш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонуний асосда таъминлаш каби масалалар муҳокама қилинди.
Ташриф давомида Миграция агентлиги ва Қатарнинг энг йирик "Жусур" рекрутинг компанияси ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Мазкур ҳужжат доирасида ўзбекистонлик малакали мутахассислар соғлиқни сақлаш, нефт ва газ, меҳмонхоналар ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларда Қатарда иш билан таъминланади.
Қатар Ички ишлар вазирлиги ўзбекистонлик мутахассисларга ишчи визаларни қисқа фурсатларда расмийлаштириб беришга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қатар Ташқи ишлар вазирликлари Консуллик департаментлари ўртасида ҳамкорликка доир масалалар бўйича мунтазам мулоқотни давом эттириш тўғрисида келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Бокуда қийин аҳволга тушиб қолган юртдошимиз ватанга қайтарилди
Ўзбекистон дипломатларининг Канадага ташриф доирасида миграция масалалари муҳокама қилинди
Санкт-Петербургда ватандошлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича меморандум имзоланди