Logo

Польша компанияси Ўзбекистондан ҳайдовчиларни ишга жалб қилиш имкониятларини ўрганмоқда

Март 27, 2025. 07:27 • 58 сония

268
Польша компанияси Ўзбекистондан ҳайдовчиларни ишга жалб қилиш имкониятларини ўрганмоқда

ВАРШАВА, 27 март. "Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонасида Польшанинг "Mobilis" компанияси бошқарув раиси Лукаш Тшаска билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Дунё АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон фуқароларини хорижда иш билан таъминлаш ва янги меҳнат бозорларини очиш масалалари кўриб чилди.

Польша вакилига Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг фаолияти ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, мамлакатимизнинг қонуний меҳнат миграцияси йўналишида Жанубий Корея, Германия, Россия ва бошқа мамлакатлар билан йўлга қўйган халқаро тажрибаси, юртимиздаги касбга тайёрлаш бўйича мономарказлар фаолияти хусусида айтиб ўтилди.

Лукаш Тшаска Ўзбекистоннинг қонуний миграция йўналишидаги ислоҳотларини юқори баҳолади. Унинг айтишича, Польша бозорида ҳайдовчиларга бўлган талаб ошиб бормоқда. Шу сабабли компания мазкур бўш ўринларга Ўзбекистон фуқароларини жалб қилишга қизиқаётганини билдирди.

Учрашув якунида Польша Жамоат транспортлари савдо-саноат палатаси аъзоларидан иборат миссиянинг Ўзбекистонга сафарини амалга ошириш, тажриба лойиҳаси сифатида Ўзбекистондан 300 кишини автобус ҳайдовчиси лавозимига жалб қилиш, "Mobilis" компаниясининг юртимизда офисини очиш ва бошқалар хусусида келишиб олинди.

"Mobilis" Польшадаги энг йирик жамоат транспорти операторларидан бири саналади. Компания Польшанинг Бидгощ, Краков ва Варшава шаҳарларининг жамоат транспорти тизими доирасида йўловчи ташиш хизматларини кўрсатади. Давлат шартномалари асосида ҳар куни 200 мингдан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатилмоқда. Корхонада 1000 дан ортиқ автобус ҳайдовчилари ишлайди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш