Россияда қонуний тарзда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари яратилган шароитлардан мамнун
Декабрь 06, 2024. 07:23 • 3 дақ
• 211
МОСКВА, 6 декабрь. "Дунё" АА/. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Россиядаги вакиллари мамлакатимиз элчихонаси дипломатлари билан биргаликда юртдошларимиз вақтинча ишлаётган "EUROSPAR" компаниясига (супермаркетлар тармоғи) ташриф буюришди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф давомида ишчи гуруҳ иш берувчи томонидан яратилган меҳнат шароитларини мониторинг қилиш ва ўрганиш мақсадида "EUROSPAR" супермаркетлар тармоғи объектларида ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашув ўтказди.
Ватандошлар билан мулоқотда Россиянинг миграция қонунчилиги нормаларига риоя қилиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилган миграция соҳасидаги ўзгаришлар ҳақида айтиб ўтилди.
Мазкур компания раҳбарияти билан кечган суҳбатда хавфсиз ва тартибли меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик қилиш, кейинчалик ўзбекистонликлар иш ўринлари сонини ошириш бўйича келишувга эришилди.
"EUROSPAR" Нидерландиянинг энг йирик супермаркетлар тармоғи ҳисобланади. Биринчи рус "SPAR" савдо тармоғи 2001 йилда Нижний Новгородда очилди. Бугунги кунда Россиянинг 12 ҳудудида ушбу бренд остидаги 200 дан ортиқ супермаркетлар фаолият кўрсатмоқда. Москва шаҳридаги "EUROSPAR" супермаркетлар тармоғида 320 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси ишлайди. Улар кунига уч маҳал иссиқ овқат, юқори турмуш шароити, муносиб иш ҳақи билан таъминланган.
Дмитрий Евсеев, "EUROSPAR" компаниясининг хорижий фуқаролар билан ишлаш бўлими бошлиғи:
– Бир йилдан ортиқ вақт давомида Ўзбекистон Миграция агентлиги билан яқин ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Шу вақт ичида Ўзбекистондан 320 дан ортиқ киши қонуний тарзда ишга қабул қилинди. Биз билан ишлашни ёқтирганларнинг барчаси компаниямизда қолишди ва ўз меҳнат фаолиятини давом эттирмоқда.
Ўз навбатида, компания ишчиларни уй-жой билан таъминлайди, уларга патент ва барча керакли ҳужжатлар расмийлаштириб берилади. Расмий ишга жойлашганидан сўнг биз ходимларимизни Москвадаги дўконлар бўйлаб жойлаштирамиз ва улар учун барча шароитларни яратамиз.
Аббос Соипов, ишчи:
– Биз Самарқанд вилоятиданмиз. Ўзбекистон Миграция агентлиги орқали "EUROSPAR" дўконига оилавий ишга жойлашдик. Бу ерда нон ва пишириқлар пиширяпмиз.
Корхонада ҳамма нарса қонуний. Бизни уй-жой билан таъминлашди ва касб-ҳунарга ўргатишди. Шароитлардан тўлиқ қониқдик. Иш ҳақи ўз вақтида тўланади, озиқ-овқат билан таъминланади, қулай шароитлар яратилган. Давлатимизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирамиз.
Дилшод Омонов, сотувчи:
– Самарқанд вилоятида туғилганман. Мурожаатимга кўра, Ўзбекистон Миграция агентлиги мени ушбу компанияга ишга юборди. Ҳозирги кунда "EUROSPAR" дўконларидан бирида бош сотувчи бўлиб ишлаяпман, шароитлар аъло даражада.
Кундалик вазифаларимга дўкон бўлимларини маҳсулотлар билан тўлдириш, шунингдек, тартибни сақлаш ва харидорларга сифатли хизмат кўрсатиш киради. Иш берувчилар ходимлар учун қулай шароитларни яратган. Ҳужжатларни расмийлаштириш, авиачипталарни сотиб олиш ва уй-жой билан таъминлашга ёрдам кўрсатилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси