Беларусь Миллий мажлиси Вакиллар палатаси ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини жалб қилиш тўғрисидаги битимни ратификация қилди
Ноябрь 02, 2026. 12:30 • 3 дақ
• 313
МИНСК, 2 ноябрь. /“Дунё” АА/. Беларусь Миллий мажлиси Вакиллар палатаси Ўзбекистон фуқароларини республика ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятига уюшган ҳолда жалб қилишни тартибга солувчи битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини бир овоздан қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ҳужжат Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Минск шаҳрига ташрифи доирасида жорий йилнинг 8–9 июль кунлари имзоланган эди. Унинг асосий мақсади ватандошларимизнинг Беларусда легал ва хавфсиз тарзда ишга жойлашиши учун ҳуқуқий асос яратишдан иборат.
Қонун лойиҳасини таништирар экан, Беларусь меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Андрей Лобович ишчи кучига юқори талаб мавжудлигини қайд этди. Унинг маълумотларига кўра, мамлакатда ишсизлик даражаси 1,9 фоизни, бандлик 85,3 фоизни ташкил этади, шу билан бирга, камида 130 мингта бўш иш ўрни қайд этилган.
Беларусь Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида мамлакатга 4,2 минг нафар Ўзбекистон фуқароси келган. Улардан 1,8 минг нафари саноат ва қурилиш корхоналарида меҳнат қилмоқда.
Битим ишчи кучини жалб қилишнинг икки босқичли тизимини назарда тутади. Биринчи босқичда Ўзбекистонда Миграция агентлиги номзодларнинг малакаси ва тажрибасини беларуслик иш берувчиларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда танлаб олади ҳамда уларнинг иш берувчилар билан ҳамкорлигини мувофиқлаштиради.
Номзодлар тайёргарликдан ўтади, меҳнат шароитлари, Беларусь ҳаётининг ўзига хосликлари, урф-одат ва анъаналари билан танишади. Шунингдек, мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш ҳамда мамлакатдан чиқиш ва Беларусга кириш учун чекловлар мавжудлигини текшириш кўзда тутилган.
Иккинчи босқичда Беларусда иш берувчилар келган ходимларни миграция рўйхатига олиш ва зарур ҳужжатларни расмийлаштиришни таъминлайди. Меҳнат шартномалари имзоланганидан сўнг фуқаролар расман ишга киришишлари мумкин бўлади.
Ўзбекистонлик ходимларнинг ижтимоий ҳимояси, иш ҳақи, меҳнат шароитлари ва муҳофазаси, солиққа тортиш ва тиббий суғурта қилиш масалалари Беларусь қонунчилиги билан тартибга солинади. Шунингдек, битим икки мамлакатнинг ваколатли органлари ҳамда уларнинг келишувларни амалга ошириш бўйича вазифаларини белгилайди.
Бундан ташқари, депутатлар Ўзбекистон ва Беларусь ҳукуматлари ўртасида 2025 йил 19 январда тузилган фуқароларнинг ўзаро сафарлари тўғрисидаги битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги баённомани ҳам ратификация қилдилар.
Июль ойида имзоланган баённома икки мамлакат фуқароларининг ўзаро сафарлари чоғида ҳар икки давлат ҳудудида бўлиш шартларини соддалаштиришни назарда тутади. Хусусан, у ваколатли органларда рўйхатдан ўтмасдан мамлакатда 10 кунгача бўлиш ҳуқуқини беради.
Иккала ҳужжат юзасидан йиғилишда Беларусь ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Павел Утюпин ва Вакиллар палатасининг халқаро ишлар бўйича доимий комиссияси аъзоси Екатерина Серафинович сўзга чиқдилар.
Ратификация қилинган битимлар меҳнат миграциясини ривожлантириш, шунингдек, икки мамлакатнинг туризм ва бошқа ижтимоий йўналишлардаги ҳамкорлигини кенгайтиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси