Ўзбекистон ва Словакия меҳнат миграцияси ва ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилмоқда
Ноябрь 17, 2025. 17:10 • 2 дақ
• 363
БРАТИСЛАВА, 26 ноябрь. /"Дунё" АА/. Братислава шаҳрида Словакия Меҳнат, ижтимоий масалалар ва оила вазирлиги ҳамда Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) томонидан ташкил этилган "Барқарор меҳнат миграцияси амалий қадамларда" конференцияси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Анжуман меҳнат миграциясини икки томонлама бошқариш бўйича халқаро тажриба ва илғор тажрибаларни намойиш этиш, шунингдек, ушбу соҳадаги сиёсат, дастурлар ва тенденцияларни муҳокама қилишга қаратилган бўлиб, унда Словакия давлат органлари, маҳаллий иш берувчилар ва касаба уюшмалари вакиллари, шунингдек, меҳнат миграцияси бўйича мутахассислар, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Словакия вазирлигининг Халқаро муносабатлар ва Европа ишлари департаменти директори Кароль Йокл бугунги кунда мамлакат айрим муҳим соҳаларда жиддий ишчи кучи танқислигини бошдан кечираётгани, бу эса халқаро меҳнат миграциясининг янги йўлларини излашни талаб қилаётганини таъкидлади. Шу мақсадда 2025 йил июнь ойида мамлакатнинг миграция бўйича янги миллий стратегияси қабул қилингани ва мазкур ҳужжат меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликларга эга бўлган ЕИга аъзо бўлмаган мамлакатлардан келган муҳожирлар учун имкониятлар яратиш ва мавжуд тартиб-қоидаларни соддалаштиришга қаратилганини билдирди.
ХМТнинг субминтақавий бюроси директори Жанлука Рокко ўз нутқида ташкилот барча манфаатдор томонларга ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.
Конференцияда Ўзбекистоннинг Словакиядаги элчиси (қароргоҳи Вена шаҳрида) Бахтиёр Ибрагимов ҳам сўзга чиқиб, иштирокчиларга давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграцияси соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Словакия меҳнат бозорида ишчи кучи етишмаслигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистондан меҳнатга лаёқатли ва уюшган ишчи кучини қонуний равишда юборишга қизиқиш билдирилди.
Дипломат Ўзбекистон томони меҳнат миграцияси соҳасида узоқ муддатли, барқарор ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёрлигини таъкидлаб, ушбу йўналиш нафақат иқтисодий самара, балки маданий алмашинув ва икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган муҳим омил эканлигини қайд этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Хорватия ва Сербияда бўлиб турган ёки кетаётган Ўзбекистон фуқаролари диққатига!
Бокуда қийин аҳволга тушиб қолган юртдошимиз ватанга қайтарилди
Ўзбекистон дипломатларининг Канадага ташриф доирасида миграция масалалари муҳокама қилинди