Logo

Россиянинг Олтой ўлкаси ҳукумати раҳбарияти билан меҳнат миграцияси йўналишида ҳамкорлик истиқболлари келишиб олинди

Март 09, 2025. 04:27 • 2 дақ

211
Россиянинг Олтой ўлкаси ҳукумати раҳбарияти билан меҳнат миграцияси йўналишида ҳамкорлик истиқболлари келишиб олинди

НОВОСИБИРСК, 9 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Новосибирск шаҳридаги ваколатхонаси билан биргаликда Россиянинг Олтой ўлкаси ҳукумати раҳбарияти ва салоҳиятли иш берувчилар билан онлайн музокара ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Иқтисодий ривожланиш вазирлиги, Олтой ўлкаси меҳнат ва аҳоли бандлигини таъминлаш бошқармаси масъул ходимлари, "Целина", "Рикон" АЖ, "Алейскзернопродукт" АЖ, "Агрофирм Ҳарвест" масъулияти чекланган жамияти, шунингдек, ҳудуднинг Зонал тумани ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бошқармаси ва бошқа шу каби етакчи компания, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Олтой ўлкаси ҳукумати раисининг ўринбосари, Россиянинг ушбу минтақа бўйича иқтисодий ривожланиш вазири Евгений Дешевих ҳамюртларимизни ўлканинг турли корхоналарида меҳнатга жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Унинг айтишича, 2024 йил охирида Олтой ўлкасида ишлаш учун таклиф қилинган 11 минг хорижий ишчининг олти мингдан ортиғи Ўзбекистон фуқароларидир.

– Бу Ўзбекистон билан Олтой ўлкаси ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда юксак даражада эканидан далолат беради, – деди вазир. – Бундан ташқари, бу фаол ва ўзаро манфаатли ҳудудлараро ҳамкорлик намунасидир.

Ўзбекистон бош консули Аслам Акбаров ўз навбатида, ватандошларимизни мазкур ҳудуд корхоналарида, жумладан, қишлоқ хўжалиги ташкилотларида иш билан таъминлаш масаласи муҳимлигини таъкидлади. Юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, Олтой иш берувчилари билан тузилган меҳнат шартномасининг барча шартларига қатъий риоя этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Олтой ўлкаси меҳнат ва бандлик бошқармаси вакиллари мамлакатимиздан меҳнат муҳожирларини қурилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, савдо ва бошқа соҳаларга жалб этишга имкониятлар борлигини маълум қилди.

Қайд этилишича, 2024 йилда берилган меҳнат патентларининг учдан икки қисми Ўзбекистон фуқаролари ҳиссасига тўғри келади.

Томонлар Ўзбекистон ва Олтой ўлкаси ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг ҳозирги босқичида мамлакатимиз фуқароларини Россиянинг ушбу ҳудудидаги турли корхоналарга ишга жалб этишга  алоҳида эътибор қаратишга келишиб олдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш