Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Малайзияда кенг тарғиб қилинмоқда
Август 31, 2025. 14:56 • 4 дақ
• 33
КУАЛА-ЛУМПУР, 31 август. /"Дунё" AA/. Ўзбекистон элчихонасида мамлакатимиз туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ва "B2B" шаклидаги учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Малайзия сайёҳлик компаниялари ассоциацияси (MATTA), "PAPUH" умра ва ҳаж туризм ассоциацияси раҳбарияти, маҳаллий туроператорлар вакиллари, малайзиялик машҳур актриса ва телебошловчи Адреа Абдуллаҳ иштирок этди.
Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев иштирокчиларга мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан замонавий сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар, хорижий сайёҳларга яратилган қулайликлар ҳақида сўзлаб берди.
Чет эллик сайёҳларни республикага кенг жалб қилиш мақсадида 90 дан ортиқ хорижий давлатлар, жумладан Малайзия фуқаролари учун визасиз режим амал қилиши, "Uzbekistan Airways" ва "Batik Air Malaysia" авиакомпанияларининг Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасида тўғридан-тўғри рейслари амалга оширилаётгани таъкидланди.
"Grand Atlas Discovery" туркомпанияси вакиллари Ўзбекистонга саёҳат қилувчилар учун тақдим этилаётган хизматлар, Бухоро, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг туризм дастурлари, "зиёрат туризм", "гастрономик туризм", "қишки туризм", "MICE туризм", "Умра плюс" каби сайёҳлик дастурлари ҳақида маълумот берди.
Малайзиянинг "Qasswa Travel" компанияси вакили Лиза Дора ўз навбатида, жорий йилда малайзиялик туристик гуруҳи таркибида мамлакатимизга қилган саёҳати ҳақида сўзлаб берди.
Унинг айтишича, жаҳон ислом цивилизацияси тараққиётида муҳим ўрин тутган Имом Бухорий, Имом Термизий, Ал-Хоразмий, Беруний ва бошқа қатор мутафаккирлар юрти бўлган Ўзбекистон бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шу жумладан туризм соҳасидаги ўзгаришлар натижасида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида энг жозибадор туристик ва бизнес манзилга айланиб бормоқда.
Ўзбекистоннинг Малайзиядаги туризм элчиси, Далер Юсуф тахаллуси билан танилган таниқли актёр эса тадбир иштирокчиларига Хоразм ва Сурхондарё вилоятларининг туризм салоҳияти ҳақида сўзлаб берди ва туркомпанияларни ушбу ҳудудларга ҳам сайёҳларни жалб қилишга чақирди.
Икки мамлакат туроператорларининг "B2B" шаклидаги учрашувлари доирасида "зиёрат туризм", "қишки туризм", "Умра плюс" турпакетлари сотувини Малайзияда кенг йўлга қўйиш орқали республикага сайёҳлар оқимини ошириш бўйича аниқ келишувларга эришилди.
Бундан ташқари, тадбирда миллий ҳунармандчилик ва амалий санъат маҳсулотлари намойиш этилди. Иштирокчиларга Ўзбекистон Туризм қўмитаси томонидан тақдим этилган юртимиз ҳақидаги тарқатма материаллар тарқатилди.
Ўзбек гастрономик туризми салоҳиятини намойиш қилиш мақсадида тадбир доирасида ўзбек миллий палови ҳам тайёрланиб, меҳмонларга улашилди.
Шейх Авад, "MATTA" Малайзия сайёҳлик компаниялари ассоциацияси президенти ўринбосари:
– Ўзбекистон элчихонасида бўлиб ўтган тадбир давомида мамлакатингизнинг туризм салоҳияти Малайзия туркомпаниялари орасида жозибадор йўналиш сифатида тарғиб қилинди.
Дипломатик миссия ва Ўзбекистон Туризм қўмитаси ташаббуси билан шу йилнинг 3-9 июль кунлари илк бор Малайзиянинг "МАТТА", "BUMITRA" ва "PAPUH" сайёҳлик ассоциациялари раҳбарияти ва уларга аъзо туркомпаниялар вакилларидан иборат делегация юртингизда амалий ташриф билан бўлди. Мен ушбу делегация раҳбари сифатида Жиззах Самарқанд, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг туризм салоҳияти, маданий мероси, ислом дунёсига оид бир қатор зиёратгоҳлари билан яқиндан танишдим.
Республикадаги тарихий обидалар, зиёратгоҳлар, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, ўзбек миллий таомлари делегацияда катта таассурот қолдирди. Ташрифимиз давомида Ўзбекистон Туризм қўмитаси раҳбарияти, Жиззах Самарқанд, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг туризмга масъул вакиллари, ўзбек туркомпаниялари билан учрашувлар ўтказдик.
Куала-Лумпурга қайтганимиздан сўнг "МАТТА"га аъзо туркомпаниялар орасида Ўзбекистон туроператорлари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш бўйича тарғибот ишларини олиб бордик. "МАТТА"га аъзо бир қатор маҳаллий туркомпаниялар Имом-Бухорий юртини Малайзияда кенг тарғиб қилишни бошлади.
Ассоциациямиз томонидан 2025 йил 5-7 сентябрь кунлари Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтадиган "Matta Fair" халқаро туризм кўргазмасида Ўзбекистон Туризм қўмитаси миллий стенди билан иштирок этиши режалаштирилган. Кўргазма доирасида Ўзбекистон турпакетлари кенг тарғиб қилинади.
Адреа Абдуллаҳ, актриса ва телебошловчи:
– Ўзбекистон туризм салоҳияти тақдимоти ва "B2B" учрашувлар Малайзия туркомпания вакиллари учун жуда қизиқарли бўлди.
Мен жорий йилда Ўзбекистонга биринчи маротаба бордим. Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳридаги сайёҳлик масканларини кўрдим.
Ўзбек халқининг бой маданияти, тарихи, анъаналари ва урф-одатлари билан яқиндан танишдим. Сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар ва туризм марказлари менда катта қизиқиш уйғотди.
Тошкент ва Куала-Лумпур шаҳарларини боғлаб турувчи тўғридан-тўғри авиақатновларнинг ҳафтасига тўрт маротаба амалга оширилаётгани икки мамлакат сайёҳлари ва бизнес вакиллари учун катта қулайлик яратмоқда.
Телебошловчи сифатида айтишим мумкинки, Ўзбекистон менга жуда ёқди. Малайзия аҳолиси орасида мамлакатингизни кенг тарғиб қилишга тайёрман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган вилояти делегацияси хитойлик ишбилармонлар билан туризм бўйича келишувларга эришди
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди
Польшанинг Реда шаҳрида ўзбек туризм соҳаси эътироф қилинди
Немис экспертлари Ўзбекистондаги туризм имкониятларини юқори баҳолади