Logo

Ўзбекистон туризм салоҳияти Покистоннинг Карачи шаҳрида тақдим этилди

Октябрь 07, 2025. 14:17 • 2 дақ

91
Ўзбекистон туризм салоҳияти Покистоннинг Карачи шаҳрида тақдим этилди

КАРАЧИ, 7 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси ташаббуси билан Карачи шаҳрида юртимиз сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини халқаро миқёсда, жумладан Покистон жамоатчилиги орасида кенг тарғиб этиш, мамлакатимизга хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида ташкил этилди.

Унда Покистон Савдони ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари, "BMG Group" компанияси раиси Муҳаммад Зубаир Мотивала, Покистон Сайёҳлик агентликлари уюшмаси раиси ўринбосари Муҳаммад Иляс, "Ўзбекистон-МДҲ савдо маркази" раиси Соҳаил Мотен, Синд Туризмни ривожлантириш корпорацияси вакиллари, Карачидаги етакчи туризм компаниялари ва операторлари, маҳаллий ОАВ вакиллари ҳамда ватандошлар иштирок этди.

Тадбирни элчихона вакили кириш сўзи билан очиб берди. У, ўз нутқида икки мамлакат халқларини боғлаб турувчи умумий тарихий ва маданий ришталар, муштарак қадриятлар, ўхшаш урф-одатлар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, зиёрат, маданий, тиббий, экологик ва ишбилармонлик туризми йўналишларида яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди.

Қатнашчилар шу йилнинг 30 октябридан 13 ноябригача Самарқанд шаҳрида сўнгги 40 йилда илк бор Париждан ташқарида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказилиши тўғрисида хабардор қилинди. Бу нуфузли анжуман Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ва маданий мерос соҳасидаги обрўси юксалиб бораётганидан далолат экани таъкидланди.

Шунингдек, "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси томонидан ҳозирда Покистоннинг Исломобод ва Лаҳор шаҳарларига мунтазам рейслар амалга оширилаётгани, яқин истиқболда Карачига ҳам тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилаётгани маълум қилинди.

"BMG Group" компанияси раиси Муҳаммад Мотивала Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. У мамлакатнинг барқарор иқтисодий муҳити ва инфратузилмавий имкониятлари покистонлик инвесторлар учун катта истиқболлар яратаётганини таъкидлади. Мотивала Карачи ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш зарурлигини ҳам қайд этди.

Покистон сайёҳлик агентликлари уюшмаси раисининг ўринбосари Муҳаммад Иляс эса Ўзбекистоннинг зиёрат ва ислом цивилизацияси туризми борасидаги улкан салоҳиятига эътиборни қаратиб, икки мамлакат ўртасида махсус зиёрат ва маданий саёҳат дастурларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.

"Ўзбекистон-МДҲ савдо маркази" раиси Соҳаил Мотен ўз нутқида, Ўзбекистон ва Покистонни боғлаб турган тарихий Ипак йўлига тўхталиб, туризмни халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ишончни мустаҳкамловчи муҳим восита сифатида эътироф этди. У келгусида икки давлатда туристик кўргазмалар ва форумлар ўтказиш режаси борлигини маълум қилди.

Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий мероси, туристик манзилгоҳлари ҳамда замонавий инфратузилма объектларига бағишланган тақдимотлар ўтказилди ва видеороликлар намойиш этилди.

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш