Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўзаро ҳаво қатновларини ҳафтасига 28 тага етказиш бўйича келишувга эришди
Декабрь 11, 2024. 12:42 • 2 дақ
• 192
ДEҲЛИ, 11 декабрь. /"Дунё" АА/. Ҳиндистоннинг оммабоп "Travel Trends Today" (Т3) журналида ушбу мамлакатнинг йирик шаҳарларида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти ва "Uzbekistan Airways" миллий авиакомпаниясининг янги йўналишларига бағишлаб ўтказилаётган туркум тақдимот маросимлари ҳақида мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

"Uzbekistan Airways" АЖ, Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси ва "Arya Enterprises" компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу ёрқин тадбирларда Ҳиндистоннинг йирик сайёҳлик компаниялари, меҳмондўстлик саноати ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этмоқда.
Журнал Ҳайдарободда бўлиб ўтган роуд-шоуда Телангана штати ва унга туташ ҳудудлар сайёҳлик ҳамжамиятининг таниқли вакиллари ҳиндистонлик саёҳатчилар учун Ўзбекистонга турлар ташкил этиш бўйича истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш учун ажойиб имкониятга эга бўлганини ёзган. Улар, хусусан, икки давлат ўртасидаги авиарейсларнинг бугунги ҳолати ва ўзаро ҳаво қатновларини янада кўпайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларга юқори баҳо берди.
"Тадбир қизиқарли мунозараларга туртки берди. Унинг доирасида Ўзбекистоннинг жозибадор ва ранг-баранг сайёҳлик йўналиши сифатидаги мавқеи ҳақида қимматли фикрлар билдирилди", – деб таъкидлаган нашр мухбири.
Роуд-шоу доирасида "Uzbekistan Airways" компанияси 2025 йилги ёзги жадвалдан бошлаб ҳафтанинг жума кунлари Тошкент ва Мумбай ўртасида учинчи рейсни амалга оширишни режалаштираётгани маълум қилинди. Ҳозирда бу шаҳарлар сешанба ва шанба кунлари ҳафтасига иккита рейс орқали боғланган.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз элчихонаси ва "Uzbekistan Airways" миллий авиакомпаниясининг изчил саъй-ҳаракатлари натижасида сўнгги бир йил ичида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳаво қатнови уч бараварга ошди.
2023 йил август ойида Тошкент ва Деҳли шаҳарлари ўртасида "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси томонидан ҳафтасига олти марта парвоз амалга оширилган эди. Бугунги кунда икки мамлакат пойтахтларини "Uzbekistan Airways" ва "IndiGo" (Ҳиндистон) компаниялари томонидан йўлга қўйилган 14 та авиарейс боғлаб турибди. "Uzbekistan Airways" жорий йил апрель ойида Мумбай шаҳри ва октябрь ойида Гоа штатига ҳафтасига икки мартадан янги парвозларни ўзлаштиргач, ҳафталик кўрсаткич 18 тага етди.
Яқинда Куала-Лумпур (Малайзия) шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO)нинг ICAN-2024 тадбири доирасида Ўзбекистон ва Ҳиндистон транспорт ва фуқаро авиацияси муассасалари вакиллари ўзаро парвозлар миқдорини ҳафтасига 28 тага етказиш бўйича келишувга эришди.
Янги парвозлар жуғрофияси Самарқанд, Бухоро, Наманган, Амритсар, Бангалор, Ҳайдаробод, Ченнай ва бошқа шаҳарларни қамраб олиши режалаштирилмоқда.
Бугун навбатдаги тақдимот маросими Бангалор, 13 декабрь куни эса Кочин шаҳарларида бўлиб ўтади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди
Польшанинг Реда шаҳрида ўзбек туризм соҳаси эътироф қилинди
Немис экспертлари Ўзбекистондаги туризм имкониятларини юқори баҳолади
Гоада Ўзбекистон туристик салоҳияти ва миллий модаси тақдимоти бўлиб ўтди