Logo

2023 йилда Ўзбекистонга ташриф буюраётган япон сайёҳлари сони ўтган йилга нисбатан тўрт баробарга ошди

Июнь 02, 2024. 09:51 • 2 дақ

203
2023 йилда Ўзбекистонга ташриф буюраётган япон сайёҳлари сони ўтган йилга нисбатан тўрт баробарга ошди

ТОКИО, 2 июнь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Токио шаҳрида Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган тарғибот тадбири ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.



Япониянинг "Hankyu Travel International Co.Ltd" сайёҳлик компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда япон сайёҳлик компаниялари раҳбарлари, етакчи ОАВ вакиллари ва таниқли блогерлар иштирок этди.

Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов ўз маърузасида сўнгги йилларда туризм йўналиши мамлакатимиз иқтисодиётининг "драйвер" соҳаларидан бирига айланганини ва ушбу йўналишда хорижий сайёҳлар ҳамда тур компаниялар учун тақдим этилаётган имтиёзлар бўйича маълумот берди.

Япония билан туризм соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, мамлакатимизга ташриф буюраётган япон сайёҳлари сони тобора ортиб бораётгани, жумладан, 2023 йилда бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 4 баробарга ошгани маълум қилинди.

"Hankyu Travel Co.Ltd" компаниясининг ташқи туризм департаменти директори Куниаки Немото ўз навбатида, мамлакатимизнинг бой сайёҳлик салоҳиятини инобатга олган ҳолда япон компанияси Ўзбекистон билан туризм соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратаётганини маълум қилди. У, шунингдек, июль ойидан сотувга чиқариладиган янги туризм пакетлар ҳақида ҳам маълумот берди.

Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишга бағишланган тақдимот давомида ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган тарихий обидалар ҳақидаги муҳим маълумотлар иштирокчилар эътиборига тақдим этилди. Хусусан, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз каби тарихий шаҳарларимизнинг салоҳияти, япон сайёҳлари учун қизиқиш уйғотиши мумкин бўлган ўзбек миллий урф-одатлари, таомлари ва янги туристик йўналишлар ҳақида таъкидланди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон туризм бурчаги ташкил этилди. Унда миллий ҳунармандчилик, тўқимачилик, ипакчилик, кулолчилик маҳсулотлари намойиш қилинди. Япон тилида нашр этилган сайёҳлик қўлланмалари ва хариталар йиғилганларга тақдим қилинди.

Япониянинг "Гулистон" ўзбек миллий рақс ансамбли томонидан ижро этилган рақслар, куй ва қўшиқлар барчага манзур бўлди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш