Малайзияда Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ташкил этилди
Август 13, 2025. 10:18 • 3 дақ
• 109
КУАЛА-ЛУМПУР, 13 август. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонасида Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ташкил этилди, деб хабар қилмоқда"Дунё" АА мухбири.

Тадбирда "MATTA" Малайзия сайёҳлик компаниялари ассоциацияси, "BUMITRA" маҳаллий мусулмон сайёҳлик компаниялари ассоциацияси каби Малайзиянинг етакчи компаниялари ва туроператорлар вакиллари иштирок этди.
Иштирокчиларга республикада туризм соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, туризмни жадал ривожлантириш ва сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Чет эллик сайёҳларни республикага кенг жалб қилиш мақсадида 90 дан ортиқ хорижий давлатлар, жумладан, Малайзия фуқаролари учун визасиз режим амал қилиши таъкидланди.
Иштирокчиларга республика туркомпаниялари томонидан тақдим этилаётган сайёҳлик хизматлари, Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва пойтахтимизнинг туризм дастурлари, "зиёрат туризм", "гастрономик туризм", "қишки туризм", "MICE туризм" каби турпакетлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
"Uzbekistan Airways" авиакомпанияcининг Куала-Лумпурдаги ваколатхонаси вакиллари бугунги кунда Тошкент ва Куала-Лумпур шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар мавжудлиги, авиакомпания томонидан йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар ҳақида тақдимот ўтказди. Ушбу тўғридан-тўғри авиақатновлар Марказий Осиё ва Жанубий-Шарқий Осиё минтақалари ўртасидаги сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилиши маълум қилинди.
Икки мамлакат туроператорларининг "B2B" шаклидаги учрашувлари доирасида "зиёрат туризм", "қишки туризм" турпакетларни сотувини Малайзияда кенг йўлга қўйиш орқали республикага сайёҳлар оқимини ошириш бўйича аниқ келишувларга эришилди.
Моҳд Юсоф бин Вади, "BUMITRA" Малайзия маҳаллий мусулмон сайёҳлик компаниялари ассоциацияси президенти ўринбосари:
– Бугунги тадбир доирасида мамлакатингизнинг, жумладан Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Тошкент вилоятларининг туризм салоҳияти Малайзия туркомпаниялари орасида жозибадор йўналиш сифатида тарғиб қилинаётганидан мамнунман.
Мамлакатингиз элчихонаси ва Ўзбекистон Туризм қўмитаси ташаббуси билан 2025 йил 3-9 июль кунлари илк бор Малайзиянинг "BUMITRA", "МАТТА" ва "PAPUH" сайёҳлик ассоциациялари раҳбарияти ва уларга аъзо хорижга сайёҳларни юбориш билан шуғулланувчи йирик туркомпаниялар вакилларидан иборат делегация республикада амалий сафар билан бўлди. Мен ҳам ушбу делегация таркибида Бухоро, Самарқанд, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг туризм салоҳияти, маданий мероси, ислом дунёсига оид бир қатор зиёратгоҳлари билан яқиндан танишдим.
Шундан сўнг "BUMITRA" ассоциациясига аъзо туркомпаниялар ва Ўзбекистондаги туроператорлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янада кенгайди. Имом-Бухорий юртига турпакетларни Малайзияда кенг тарғиб қиляпмиз. Жорий йилда мамлакатингизга бир қатор малайзиялик сайёҳлар гуруҳларини жўнатдик.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистондаги тарихий обидалар, зиёратгоҳлар, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, ўзбек миллий таомлари малайзиялик сайёҳларда катта таассурот қолдирмоқда.
Эри Вон, Малайзиянинг "Smart Global Advantures" компанияси менежери:
– Бугун элчихонада ташкил этилган туризм тақдимоти ва "B2B" учрашувлар Малайзия туркомпания вакиллари учун жуда қизиқарли бўлди.
Бизнинг компаниямиз Малайзияда Ўзбекистон сайёҳлик маҳсулотлари ва "Uzbekistan Airways"нинг авиачипталари сотуви билан шуғулланади.
Малайзияликлар учун "зиёрат туризм", "маданий туризм", "қишки туризм", "MICE туризм" каби турпакетлари тақдим этилаётганлиги бизни қувонтирмоқда. Жорий йил қишки мавсумида Ўзбекистонга малайзиялик сайёҳлар гуруҳини Ўзбекистонга олиб боришни мақсад қилиб қўйдим.
Шунингдек, тадбир доирасида республикадаги туроператорлар билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдик. Улар билан Ўзбекистон турпакетларини Малайзия бозорида тарғиб қилиш бўйича аниқ келишувларга эришдик".
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси