Logo

"Moriter" журнали: Ўзбекистон дунёнинг энг жозибадор сайёҳлик йўналишларидан бири

Июль 30, 2025. 13:23 • 57 сония

70
"Moriter" журнали: Ўзбекистон дунёнинг энг жозибадор сайёҳлик йўналишларидан бири

БЕРЛИН, 30 июль. /"Дунё" АА/. Германиянинг туризм соҳасини ёритишга ихтисослашган "Moriter" журналида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

"Ўзбекистонда анъаналар ва замонавийлик" сарлавҳали мақолада ўқувчилар эътиборига мамлакатимизнинг кўҳна ва навқирон шаҳарлари, қадимий обидалари, гастрономик имкониятлари ҳақидаги муҳим маълумотлар тақдим этилган.

"Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг марказида жойлашган гўзал диёр, сайёҳлар бу ерда замонлар ўртасидаги тарихни, анъаналарга йўғрилган ва замонавийлик билан уйғунлашган маданиятнинг гувоҳи бўладилар, – деб ёзилган нашрда. – Қадимий обидалардаги нақшлар ва мозаикаларга бой шарқона меморчилик услуби сайёҳларни узоқ ўтмишга етаклайди. Маҳобатли мадрасалар ва баланд миноралар эса тарихий шаҳарларнинг савлатидан даракдир".

Мамлакатнинг гастрономик салоҳияти билан таништириш мақсадида мақола муаллифи ўқувчилар эътиборини Самарқанддаги "Сиёб", Тошкентдаги "Чорсу" бозорларига қаратади.

Бундан ташқари, мақолада туристлар учун яратилган қулайликлар, замонавий инфратузилмалар ҳақида сўз юритилган. "Замонавий тезюрар поездлар, тўғридан-тўғри халқаро авиақатновлар мамлакатнинг тарихий ва замонавий шаҳарларига қулай саёҳат қилиш имкониятини тақдим этади", – дейилади нашрда.

Мақола сўнггида "Ўзбекистон барча сайёҳлар учун уларнинг қизиқишига қараб, ўз имкониятларини тақдим этади. Бу мамлакат дунёнинг энг жозибадор сайёҳлик масканларидан биридир", – деб ёзилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш